«Вақтнинг бир дақиқасини ҳам бекор ўтказманг» — президент ёшларга ўгит берди. Самарқандда Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси бошланди. Тиббиётда 6 йиллик бакалавриат йўналиши жорий этилади. Хоразмда чиқиндидан электр энергияси ишлаб чиқарилади. Сирдарёда банкоматни болта билан очмоқчи бўлган йигит қўлга олинди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

«Вақтнинг бир дақиқасини ҳам бекор ўтказманг» — президент ёшларга ўгит берди

Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга ташрифи давомида, Сеул Тошкентдан тўрт соат олдинда бўлгани учун давлат раҳбарининг иш куни тонгги соат 4:00 да бошланаётгани маълум бўлди.

«…Мен машинада кўп юраман, кўчада бир-бири билан мулоқот қилиб кетаётган ёшларни кўриб ўйлайман: қани энди улар энг бахтли кунлари шу эканини билсалар… Биласизларми, президент бўлиб мени нима қийнайди? Менга вақт етмайди!» - деди президент Сеулда ватандошлар билан мулоқотда.

«Бир дақиқа вақтни ҳам бекорга ўтказманг. 5 йил ўтади, 10-15 йил ўтади. Ким бошқаради Ўзбекистонни? Сизлар. Тўғри, соғинч қийнайди. Ватан соғинчи аламида кўпроқ илм олинглар, ватанга садоқат билан хизмат қилинглар», деб қўшимча қилди давлат раҳбари.

Президент уларга ташриф тафсилотларини тушунтирди, нега Жанубий Кореяга келгани, муносабатлар қандай ривожланиб бораётгани, шу ердаги фуқароларга қандай кўмак бериш мумкинлиги ҳақида суҳбатлашди, ёшларнинг таклифларини тинглади.

Самарқандда Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси бошланди

Самарқандда шахмат тарихидаги энг йирик жамоавий турнир — 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Мусобақада бутун дунёдан рекорд ҳисобдаги 398 та жамоа, 1974 нафар шахматчи ва 240 нафар гроссмейстер иштирок этади.

Аёллар ўртасидаги турнирда амалдаги чемпион — энг кучли таркибда келган Ҳиндистон терма жамоаси олтин медалга асосий даъвогар ҳисобланади. Эркаклар турнирида АҚШ терма жамоаси биринчи бошланғич рақамни олди. Иккинчи ўринда — таркибида ҳозирги шахмат қироли Гукеш Доммаражу иштирок этаётган 2024 йилги чемпион Ҳиндистон терма жамоаси. Учинчи рақам — турнир мезбони, Жавоҳир Синдаров бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоасига тегишли.