Япониянинг катта қисмини кучли шамол ва ёмғирлар қамраб олди. «Хагибис» тўфони сўнгги 60 йилдаги энг йириги бўлиши мумкин.

Сўнгги маълумотларга кўра, камида 18 киши табиий офат қурбонига айланган. Яна 16 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.

Кучли ёмғирлардан кейин дарёлар ўзанидан тошди / REUTERS

Дастлаб қурбонлар сони 5 нафарлиги айтилганди.

Итихара шаҳрида кучли шамол туфайли автомобиль ағдарилиб кетди ва 50 яшар ҳайдовчи олинган жароҳатлар оқибатида оламдан ўтди. Кавасакида 60 ёшли еркак сув остида қолган квартирада жонсиз ҳолда топилди. Тотиги префектурасида бир аёл каналга йиқилиб тушиб, чўкиб кетди. Томи шаҳрида дарёда сув сатҳи кўтарилиши туфайли учта машина кўприкдан пастга қулаган. Уларда жами 6 киши бўлган: уч киши қутқарилган, яна уч кишининг тақдири номаълум. Токио кўрфазида Панама байроғи остида ҳаракатланувчи кема чўкиб кетган. Унинг бортида 12 киши бўлган, улардан 3 нафари қутқарилган. Экипажнинг қолган 9 аъзоси бедарак йўқолган.  

Токио яқинидаги Кавасаки тўфондан кейин / EPA

7 миллиондан ортиқ киши сув тошқинлари хавфи ва кўчкилар ҳақидаги огоҳлантиришлар туфайли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Аммо ҳозирда вақтинчалик тураржойларга фақат 50 минг киши келган.

Тўфон шанба куни маҳаллий вақт билан соат кечқурунги 7да Токио шаҳрига етиб келди ва шимолга ҳаракатлана бошлади. Тўфон марказида шамол тезлиги соатига 225 километргача етади.

Ҳукумат бу 1958 йилдан буён кузатилган энг кучли тўфон бўлишидан хавотирланмоқда. 61 йил муқаддам «Каногава» тўфони 1200 кишини ҳаётдан олиб кетганди.

Токионинг шарқий ҳудуди ҳозирда шундай кўринишда / REUTERS

Талофат бундан ҳам катта бўлиши мумкин

Метеохизматлар шанба ва якшанба куни ёғадиган ёмғирлар ҳажми пойтахт ҳудудида 500 мм.гача етиши мумкинлиги ва сув тошқинлари ҳамда кўчкилар рўй бериши эҳтимоли «юқори даражада»лиги ҳақида огоҳлантирган. Шаҳардаги дарёлар қирғоқларидан тошиб чиқиши мумкин.