Ўзбекистон | 11:25 / 14.10.2019
2342
2 дақиқада ўқилади

ОТБ ДХШ орқали янги мактабларни қуришга қўшимча инвестициялар жалб этишда ёрдам беради

Фото: Getty Images

Халқ таълими вазирлигида Осиё тараққиёт банки (ОТБ)нинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси директори Синди Малвичини бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Вазирлиги ахборот хизматига кўра, учрашувда томонлар мамлакатда янги мактаблар қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш бўйича давлат-хусусий шерикчилик лойиҳасини ишлаб чиқишни муҳокама қилди. Мазкур лойиҳа доирасида хусусий шерикчилик (инвесторлар) ҳисобига давлат мактабларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда сақлаш ишлари амалга оширилади.

Халқ таълими вазирлигининг Мактабларнинг истиқболли моделлари ва давлат-хусусий шерикчилик бошқармаси бошлиғи Сарвар Саъдуллаев лойиҳа ҳақида қуйидагиларни таъкидлаб ўтди:

- Айни пайтда лойиҳани ишлаб чиқиш бўйича иш олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳа муваффақиятли амалга оширилса, давлат бюджетига қўшимча харажат юкламай, янада кўпроқ мактабларни қуриш ва таъмирлаш имкониятига эга бўламиз. Хусусий шериклар тўловларни олиши учун, энг аввало, биноларни қуриш, таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш сифатини ошириб, маълум шартларни бажариши керак бўлади.

Ушбу лойиҳада давлат мактабларининг хусусий инвесторларга топширилиши ёки пуллик бўлиши кўзда тутилмаган. Лойиҳа доирасида сармоядорлар фақатгина инфратузилмани яратиш учун жалб қилинади. Халқ таълими вазирлиги сифатли таълим хизматларини таъминлайди.

Шунингдек, учрашув давомида томонлар лойиҳанинг техник-иқтисодий асоси ҳамда ҳуқуқий ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун хорижлик маслаҳатчиларни жалб этиш масаласини кўриб чиқди. Шу билан бирга, умумтаълим мактабларининг қурилиши, реконструкцияси ва лойиҳанинг амалга ошириладиган навбатдаги босқичлари муҳокама қилинди.

Мазкур учрашувда Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги директори ва молия вазири ўринбосари Ғолиб Холжигитов иштирок этди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид