Маош олганингиздан атиги икки кун ўтиши билан картангизда ойликнинг фақат ярми қоладиган вақтлар бўлади. Сиз уни ҳар хил гаровларга тикмасангиз ёки шопоголик (харид қилишга ўч) бўлмасангиз, пуллар қаёққа учиб кетяпти? Бир неча тахминлар келтирамиз.

1. Нархлар ўсиши уларни еб қўймоқда

Сиз деярли бир хил маҳсулотлар харид қиласиз, аммо вақт ўтиши билан шуни пайқайсизки, ой охирига бориб ўтган сафаргисига нисбатан озроқ маблағ йиғилган. Ҳаммаси оддий: нархлар кўтариляпти, маошлар эса... ошяпти, аммо инфляцияга етиб ололмаяпти. Расмий маълумотларга кўра, 2019 йил охирига бориб инфляция 16-16,5 фоизни ташкил этади. Маҳсулотлар нархи ҳам шунга яраша ўзгариб бормоқда ва йил сўнгига қадар ҳам силжишлар кутилади. Нон ҳам ошди.

Нима қилиш керак?
Инфляция ва нархларга ҳеч қандай таъсир кўрсата олмаймиз. Шунинг учун арзонроқ маркадаги маҳсулотларни танлаш йўлимиз бор холос. Аммо кўпинча улар нисбатан қимматроқ муқобиллари билан солиштирганда бир хил сифатга эга бўлади. Шунингдек, чегирма ёки кешбэкларга эга бўлиш имкониятини ҳам ўтказиб юборманг.

2. Сиз кўчада тамадди қилишни ёқтирасиз

Йўл-йўлакай олинган кофе ёки тушлик вақтидаги танаффусда тамаддихонага ташриф буюриш ҳамёнга унчалик ҳам қаттиқ зарба бермайдигандек туйилади. Кўпи билан 15-20 минг сўм кетади деб ўйлаймиз. Аммо шу каби 20 иш кунидан кейин 500 минг сўм атрофида харж рўй бериши мумкин, бу эса анча сезиларли фарқ.

Қаторга севимли, кичик, аммо мунтазам харидларни ҳам киритишимиз мумкин. Масалан, сиз ҳар куни болангиз учун шоколад сотиб оласиз.

Нима қилиш керак?
Агар кафега ташриф буюриш сизни бахтиёр қилса ва бу кейинчалик маошгача қийналишингизга сабаб бўлмаса, ҳеч нарса қилишингиз шарт эмас. Овқат нафақат калория ва микроэлементлар, балки завқланиш ҳиссини ҳам тақдим эта олади. Бироқ тежаш истаги пайдо бўлса, ҳеч бўлмаса онда-сонда уйдан овқат олиб кетишга уриниб кўринг. Бу анча арзон тушади.

3. Сиз чекасиз

Яна бир майда, аммо натижада катта миқдорда пул сарфига айланувчи систематик харж. Агар битта сигарет қутиси ўртача 7-8 минг сўм атрофида турса, ашаддий чекувчи учун бир ойлик тамаки 400-500 минг сўмга тушиши мумкин. Бир йилда эса миқдор 5-6 млн сўмга айланади.

Нима қилиш керак?
Нима ҳам бўларди, чекишни ташлаш керак, албатта. Нафақат тежайсиз, балки ўз танангизни заҳарлашни ҳам бас қиласиз.