Германияда ишлаб юрганида Пеп Гвардиола шундай деганди: «Совринлар сўнгги саккиз турда ютилади, аммо дастлабки саккиз турда ютқазилади». Бу мантиқдан келиб чиқсак, Англия Премьер Лигасининг саккиз туридан сўнг, «Ливерпуль»дан саккиз очко ортда бораётган «Манчестер Сити» совринни бой бердими? Ўртадаги бу фарқ ҳаққонийми? Нега «Манчестер Сити» муваффақиятсизликка учради? Bombardir.ru журналистлари шу мавзуга тўхталишди.

Мавсум бошида «Ливерпуль» кучли, лекин бу даражада эмас.
Дарҳол xG жадвалига юзланамиз. Бу ҳисоб-китобнинг бир тури бўлиб, жамоаларнинг яратган хавфли вазиятлари ва ўз дарвозаси олдида рақибларга берилган имкониятлардан келиб чиқиб, коэффициентлар ҳисобланади ва шу тариқа асл картинани кўриш имконияти ошади.

xG – жамоа яратган хавфли вазиятлар коэффициенти, xGA – рақибга берилган имкониятлар, xPTS – ушбу ҳисоб-китоб бўйича қўлга киритиши керак бўлган очколар сони.
Хуллас, бу жадвал бўйича, «Манчестер Сити» «Ливерпуль»дан олдинда турибди. Бўлмаган гап, дейишингиз мумкин, лекин бу ҳақиқат. «Шаҳарликлар» рақиб дарвозаси олдида «Ливерпуль»дан саккиз бирлик кўп вазият яратган, аммо шу билан бирга, ҳимояда ўйнаш бобида рақибдан ёмонроқ натижа қайд этган.
Бу устунликни изоҳлаш қийин эмас. «Манчестер Сити» ғалаба қозонган ўйинларда ҳужумкорликни тўхтатмаган ва янада кўпроқ гол уришга уринган. «Уотфорд» билан 8:0, «Вест Ҳэм» билан 5:0 ва «Брайтон» билан 4:0 ўйинлари бунга мисол бўлиши мумкин. «Ливерпуль»да эса, йирик ғалаба фақат битта – «Норвич», 4:1.
Алоҳида эътибор бериш керакки, аксарият ҳолларда «Сити»нинг очко йўқотиши ўйин мантиғидан келиб чиқмаган. Масалан, «Тоттенҳэм» билан ўйинда «Манчестер Сити» рақиб дарвозасига 30 марта зарба берган, улардан 10таси аниқ йўналтирилган. «Тоттенҳэм» эса, икки зарба бериб, икки гол урган ва ўйин дуранг билан тугаган. «Вулверҳэмптон» билан учрашувда ҳам жамоа рақибдан кўп вазият яратди, камида дурангга мос ўйин эди, аммо мағлубиятга учради. Фақат «Норвич» билан ўйинда ҳаммаси ўйинга мос эди.
«Ливерпуль» эса, аксинча, озгина омадли бўляпти. «Челси» билан ўйин дурангга мос эди, ҳатто лондонликлар кўпроқ вазият яратишганди, аммо яхши реализация ёрдамида «Ливерпуль» ғалаба қозонди. «Саутҳэмптон» билан ўйинда ҳам шундай дейиш мумкин. «Шеффилд»га қарши ўйинда рақиб дарвозабонининг ягона хатоси голга сабаб бўлганди.

















