Таъкидлаш керакки, аудиодаги асосий овоз Миришкор тумани ҳокими Равшан Комиловнинг овозига айнан ўхшаш. Тахминларга кўра, ҳоким ўз ходимларига берган топшириғи бажарилмаганидан ғазаб отига минган ва уларни онасини қайта-қайта тилга олиб бўралатиб сўккан.
Аудио қачон ёзилгани маълум эмас, сўзлар мазмуни пахта культивацияси мавсумига тўғри келади.
«Ҳаммаси аён кўриниб турибди»
Масалага ойдинлик киритиш мақсадида Қашқадарё вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Аҳрор Содиқовга мурожаат қилдик.
– Бу ҳолатни яширишнинг, хаспўшлашнинг ҳожати йўқ. Ҳаммаси аён кўриниб турибди. Ҳозир бу ҳолат прокуратура томонидан олдинги ҳолат билан қўшиб ўрганиш учун назоратга олинган. Расман ўз тасдиғини топса, базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 баравари миқдорида жарима қўлланиши мумкин, – деди ҳокимнинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича маслаҳатчиси.
«Олти йил олдинги гаплар бу…»
Миришкор тумани ҳокимлиги матбуот котиби Файзулла Эшқуловнинг бу масала юзасидан изоҳи қуйидагича бўлди.
«Миришкор тумани ҳокимлиги ахборот хизмати «Озодлик» радиоси ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган «Отахонни неваралари олдида маккажўхори учун ҳақоратлаган ҳоким фермерларни онасидан сўкди», «Сўконғич ҳоким тарихи» сарлавҳали аудиоёзувли хабарларни ўрганиб чиқди. Ушбу воқеалар аламзада одамлар томонидан бўрттирилган, олти йил олдинги воқеани гўёки бугун бўлгандек қилиб кўрсатишга уриниш ҳолатлари бор.
Бир нечта мисоллар келтирайлик. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, Равшан Комилов 2014 йил 7 октябрда Чироқчи туманининг Пўстин қишлоғида истиқомат қилаётган 60 ёшли Мойли буванинг юбилей, келин тушириш ва невараларининг суннат тўйини бузмаган, фақат ўша даврнинг сиёсатидан келиб чиққан ҳолда пахта терими даврида тўй қилмаслик ҳақида огоҳлантириш берган.
2014 йилнинг 19 октябрида Чироқчи туман ҳокими бўлиб ишлаган Равшан Комилов Шаҳрисабз туман ҳокими Фахриддин Норовни иш кабинетидан ташқарига чиқариб урган, деган жумла асоссизлиги бўйича бир қатор фактлар тўпланди.
2018 йилнинг 18 июнида Миришкор туманида фермерлик қилган Шерали Давроновнинг яқин қариндошлари унинг ўз жонига суиқасд қилишини буғдой режасига ва мажлисда уриб ҳақорат қилинганига боғламаяпти.
Бугунги мақолага сабаб бўлган, «Озодлик» радиоси ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган, туман ҳокимининг фермерга бераётган танбеҳи билан боғлиқ воқеалар бундан роппа-роса олти йил аввал ёзиб олинган. Барчангизга маълумки, бундан беш-олти йил аввал пахта сиёсати йўлида ҳеч ким аяб ўтирилмаган. Ҳокимнинг фермерга танбеҳ бериш воқеаси олти йил аввал Чироқчи туманида содир бўлган. Аламзада кимсалар эса бу эски воқеаларни ижтимоий тармоқларда кўрсатиш орқали бугунги кунда иш ва одамларга муносабат услубини ўзгартирган ҳокимга қарши иш қилаётганлари сезилиб туради.

















