Ватанга муносабат, инсонлар онгидаги ислоҳотлар, Нодира Қодирова ўлими. Нима учун Туркиядаги ўзбеклар консулликда рўйхатда турмайди, улар қачон элчихонага мурожаат қилади? Консулликда рўйхатдан ўтганларнинг Ўзбекистонга қайтариб юборилиши ростми? Бир йилда Ўзбекистондан Туркияга қанча фуқаро ташриф буюрмоқда?
Ўзбекистоннинг Туркиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Аъзамхўжаев Kun.uz мухбирига интервью бериб, юқоридаги масалалар юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
— Алишер ака, энди бугунги кун мавзусига келайлик. Бу Ўзбекистонда ҳам Туркияда ҳам айрим ОАВ ва депутатлар томонидан кўтарилаётган мавзу. Нодира Қодирова мавзуси. Яқинда икки депутатнинг, хусусан, Kun.uz сайтида фикрлари чиқди. Шунга нисбатан муносабатингиз ва нуқтайи назарингиз қандай?
«Биринчидан, ҳозирги кунда бутун республика, Ўзбекистон жамияти президент раҳбарлигида янги ислоҳотларни амалга оширмоқда. Биз саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш тизимида ва бошқа халқ хўжалиги тизимларида ислоҳотларни бошладиг-у, лекин асосий ислоҳотимиз, бу ҳар бир инсоннинг миясида бўладиган ислоҳотни ҳали бошлай олмаяпмиз. Бошланган бўлса ҳам секин-секин бўлмоқда.
Ҳозирда, барча вазирлик, қўмита ва бошқа давлат ташкилотлари янгидан ишлаш жараёнини бошдан кечирмоқда. Бу жараёнда, яъни жамиятимизнинг улғайишида, мулкка муносабатда, таълим соҳасидаги ўзгаришларда, ёшлар масалаларида депутатларимизнинг ҳам роли катта. Бутун жамиятимизнинг роли катта.
Масалан, сўнгги 25-30 йил мобайнида депутатларимиз яхши, ижобий қонунларни қабул қилишганида, балки бизнинг ёшлар Ўзбекистондан ҳеч қаерга кетмасмиди?! Россияга бормасди, Туркияга ишлашга келмасди. Масалан, мен 20 йил тадбиркорлик қилганимда Қашқадарё, Сурхондарё, умуман, бошқа вилоятлардан ҳам ишчи ололмасдим. Шунақа зўр, мебелга ишқибоз бўлган йигитларни олиб келардим, ўзим юрист бўлганим учун қонунга бўйсунардим, бекитиб ишлатишни ёмон кўрардим, расмий қоғозда турадиган жойини, ётоқхонасини қилдик, шуни рўйхатга олинглар, (деб кўрсатсак ҳам) рухсат бўлмасди. Уларнинг Туркияга келишига рухсат бор эди. Мана ҳозирда, жаноб Эрдўған Ўзбекистонга муносабати яхшилигидан 3 ойга (бир киришда мамлакатда қолиш муддати назарда тутилмоқда, бундан аввал, ўзбекистонликлар 1 ой давомида яшашлари мумкин эди. Бунда рўйхатда туриш талаб қилинмайди – таҳр.) чўзиб берди.
Яъни, ёш ўзбек йигит-қизларимиз 90 кун давомида Туркияда ишга ҳам кира олади. Аммо, улар ўзбекларга камроқ (маош) беради, бизда эса бу катта пул. Улар бу ерда ишлашмоқда. Туркияга келганларнинг бири элчихонага келади, иккинчиси келмайди. Бу ватанга бўлган муносабатидан келиб чиқади.







