«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, Тошкент вилоятида туғилган А.Д. 8 сентябр куни Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонасига ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Фуқаронинг маълум қилишича, у 2026 йил январ ойида вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланиш мақсадида Свердловск вилоятига борган. Бироқ июл ойида вақтинча яшаш жойида йиқилиб, умуртқа поғонасидан оғир жароҳат олган.

Маблағи бўлмагани сабабли у зарур даволаниш курсини ололмаган ва меҳнат фаолиятини давом эттириш имкониятидан маҳрум бўлган. Бундан ташқари, унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари ҳам фойдаланишга яроқсиз ҳолга келган.

Бош консулхона ходимлари вазиятни ўрганиб, тегишли идоралар билан ҳамкорликда зарур чораларни кўрган. Фуқарога Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштириб берилган.

Шунингдек, белгиланган тартибда Миграция агентлиги жамғармаси маблағлари ҳисобидан «Екатеринбург–Тошкент» йўналишидаги авиарейсга чипта харид қилинган.

Натижада у Бош консулхона ва Миграция агентлиги ходимлари кузатувида Ўзбекистонга эсон-омон қайтарилган.