Шикоят мазмуни
«Олмазор тумани бўйича ягона бўлган ногирон ва нуқсони бор болалар учун иқтисослаштирилган 522-сонли боғча ва унга ёнма-ён жойлашган 120-сонли боғчанинг ерлари ўғирланмоқда. Икки боғчанинг автотураргоҳи ва ёнғин содир бўлганда болаларни эвакуация қилиш учун мўлжалланган йўлга хокимнинг қарори асосида иморат солинган ва боғча ерлари ўғирланган. Шу сабабли, ёнғин содир бўлган ҳолда 600дан зиёд болаларни қутқариш имкони йўқ», дейилади шикоятда.
Ҳолатни янада бўртириб тасвирлаш мақсадида сирли муаллиф икки боғча ўртасида қурилган бу уйларни «Иблис девори» дея таърифлаган. Шунингдек, мурожаатда аҳолининг розилигини олиш мақсадида шу ерда яшовчи фуқароларга тегишли ҳужжатларга «муттаҳамлик» билан имзо чектирилгани айтилади.
Аноним мурожаатдаги ҳудудни топиб бордик. Ҳолатни ўз кўзимиз билан кўргандан сўнг масала жиддий эмас экан, деган хулосага келдик. Ҳар икки боғчанинг дарвозалари ҳам етарли ўлчамда бўлиб, ёнғин содир бўлганда махсус машиналар сиғишида муаммо бўлмаслигини бир қарашда кўриш қийин эмас.
Уй эгаси билан суҳбат
Қурилиш бўлаётган уйга ҳам кириб ўтдик. Уй қурилишида ишлаётган усталар бизни айни ўша маҳалладаги бир уй томон йўналтиришди. Олмазор тумани, Беруний маҳалла, Нозимахоним 7-кўча, 10-уй эгаси Омил Аҳмаджонов бизни дарров уйга таклиф қилди. Ижтимоий тармоқларда унга нисбатан аноним тарзда мурожаатлар қолдирилиб, туҳмат уюштирилаётганидан ранжиганини яшириб ўтирмади.
«Ёшим 80да. Физик-профессор, фан докториман. Сизлар турган бу жой – Тошкентдаги зилзиладан сўнг педагогларга берилган жойлар эди. Шу ерга иморат қуриб, яшай бошлаганмиз. Кейинроқ оилам катталашгани сабабли ер сўраб мурожаат қилдим. Пойтахтдаги бошқа квартирамни ҳокимликка топширдим. Бунинг эвазига ҳокимлик эса менга шу жойга 2003 йили қарор чиқариб берди. Қурилишни бошладик. Ўша вақтдаёқ қўшниларнинг баъзилари ҳасадгўйлик билан жойни талашишди. Шаҳар ҳокимлигига хат ёзишди. Туман ҳокимлигидан келиб ўрганишди, текширишди. Улар ҳаммаси тўғрилиги, қурилиш қилишимиз мумкинлигини айтишди. Архитекторлар томонидан лойиҳа қилинган, унда кўплаб ташкилотларнинг хулосалари келтирилар экан. Шунинг ўзи етарли бўлди. Ёзди-ёздилар жуда кўпайиб кетди. «400 одам норози, фалон-фалон деб». Лекин текширувчилар келганида бирортасини исбот қилиб бера олишмади. Туман прокуратурасига ҳам чақиришди. Уларга ҳам ҳаммасини тушунтириб, ҳужжатларимни кўрсатдим.


















