Ўзбекистон | 17:26 / 18.10.2019
5810
3 дақиқада ўқилади

Отабек Назиров: «Капитал бозоримизни ривожлантириб бера оладиган етарли миқдордаги профессионал субъектлар йўқ»

Отабек Назиров / Фото: KUN.UZ

Бугун, 18 октябрь куни Тошкент шаҳрида Адлия вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган «English Law Day in Tashkent» («Тошкентда инглиз ҳуқуқи») халқаро конференциясининг иккинчи куни «Ўзбекистонда инглиз ҳуқуқини жорий этиш истиқболлари» мавзусига бағишланди. 

Унда иштирок этган Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги раҳбари Отабек Назиров Ўзбекистондаги капитал бозоридаги аҳвол ҳақида гапирди.

«Келажакда капитал бозори архитектураси қандай бўлади? Табиийки, биз бу соҳада инглиз прецедент ҳуқуқи тажрибасини ўрганишимиз лозим. Бу ҳуқуқ тизими капитал соҳада, хусусан инфратузилма капитал бозорида юқори самарадорликка эга.

Айни капитал бозорининг ЯИМдаги улуши 0,5 фоиз бўлса, Қозоғистонда 5 фоиз ҳисобланади. Капитал бозоримизнинг 22 фоизи, яъни 603та компаниянинг 132таси Тошкент фонд биржасидан рўйхатдан ўтган. Унинг 83 фоизи давлат улушига тўғри келади. 2 фоизи хорижий инвесторларга тегишли.

Бизнинг капитал бозоримиздаги архитектурани кўрадиган бўлсак, унда 31,2 миллиард доллар банк секторида бўлса, 4,8 миллиард доллар капитал бозорида ҳаракатланмоқда. Давлат хазинасига тегишли маблағлар, хусусан солиқлар, давлат харажатлари учун фонд ажратиш каби жараёнларда 12,7 миллиард доллар ҳаракат қилмоқда.

Бизнинг капитал бозоримизни ривожлантириб бера оладиган етарлича миқдордаги профессионал субъектлар йўқ. Бу соҳа албатта инвестиция банклари менежерлари учун жуда кучли билим талаб қилади. Молиявий билим учун кўп сонли инсонлар тушуна олмайдиган талаблар бўлиши лозим. Биз деярли барча қонун ва қарорларни аудит қилиб чиқдик. Биз шундай 100га яқин қонун ва қарорларнинг ўрнини босадиган кодекс ишлаб чиқиш топшириғини олдик. Ўтган ҳафта президентимиз билан учрашдик ва бизга бу бўйича вазифа ва ваколатлар берилди. Ҳужжат ҳам ўзимиз учун, ҳам халқаро субъектлар учун тушунарли ва тўлиқ бўлиши айтилди», – дея агентлик раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Конференцияда хорижий инвестицияларни рағбатлантиришга ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришга кўмак берадиган ҳуқуқий режим яратишда инглиз қонунларини мослаштириш ва қўллаш имкониятлари, суд тизимининг инглиз қонунларини амалга оширишдаги роли хусусида сўз борди. Шунингдек, экспертлар Қозоғистон, БАА, Қатар ва Сингапурнинг инглиз қонунларини қўллаш борасидаги тажрибасини тақдим этишди. Асосий эътибор Ўзбекистон Республикасида инглиз ҳуқуқи нормаларини жорий этиш аҳамиятига қаратилди.

Баҳодир Аҳмедов
Тайёрлаган Баҳодир Аҳмедов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид