Жамият | 15:56 / 19.10.2019
19730
2 дақиқада ўқилади

Namangan Сity қурилиши учун Саудия Арабистони компанияси билан меморандум имзоланди

Имзоланган меморандумга кўра, 78 га майдонда барпо этиладиган Namangan Сity’дан бизнес-марказ, замонавий савдо мажмуалари, 3, 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар ўрин олади.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

18 октябрь куни Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамда Саудия Арабистонининг «Al Qusaier company» компанияси ўртасида Наманган шаҳрида Namangan Сity ишбилармонлик маркази қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича англашув меморандуми имзоланди. Бу ҳақда Kun.uz’га Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ҳамда «Al Qusaier company» бош директори Абдулазиз ал-Қусайр томонидан имзоланган меморандумга кўра, «Namangan Сity» Наманган шаҳрида 78 гектар майдонда барпо этилади. Ишбилармонлик марказидан бизнес-марказ, замонавий савдо мажмуалари, 3-4-5 юлдузли меҳмонхоналар, офислар, конференциялар саройи, кўргазма заллари, турар-жойлар ва виллалар, мактаб, болалар боғчаси, ресторанлар ва бошқа ижтимоий соҳа объектлари ўрин олади.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Лойиҳани молиялаштириш тўлалигича «Al Qusaier company» компанияси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Вилоят ҳокимлиги «Namangan Сity» фаолияти учун зарур бўлган инфратузилма (электр энергияси, газ ва сув таъминоти, канализация, кириш йўллари ва бошқалар) билан таъминлашга доир масалаларни ҳал этади ҳамда лойиҳани амалга ошириш учун керакли рухсатномаларни олишда ва лойиҳани амалга ошириш ва фойдаланиш даврида малакали кадрлар билан таъминлашга кўмаклашади.

Мавзуга оид