Дунёда барча жабҳаларда ривожланиш, тараққиёт бўлгани сари ижтимоий алоқа воситаси саналган тилга муносабат ҳам ўзгариб бораверади. Маълумки, тарихан жаҳон тиллари ривожланиб, бойиб борган ёки маълум сабабларга кўра истеъмолдан чиқиб ўлик тилга айланган. Бугунги глобаллашув, илм-фан юксалган даврда дунё тиллари ўз яшовчанлигини қандай сақлаб қолади? Киши ўзи мансуб бўлган халқ тилини сақлаб қолиш учун нималар қилиши керак? Қуйида Ўзбек тили ва адабиёти университети профессори, тилшунос олим Бахтиёр Менглиев билан бўлган суҳбатда шу каби саволлар хусусида фикр юритилган.

Бугунги глобаллашув даврида дунёнинг лисоний ҳолати ва вазияти кун сайин ўзгариб бормоқда. Бу борада даҳшатли статистик маълумотлар борлиги ҳам сир эмас. Уларга муносабатингиз қандай? Глобал таназзул гирдобидан омон қолиш учун тилларга нималар зарур?

— Турли ҳисоб-китобларга кўра, бугунги кунда дунёда 3 мингдан 7 мингтагача тил борлиги эътироф этилади. 2005 йилда тузилган ЮНЕСКО рўйхати 6 912та тилни қамраб олади. Бу тиллардан 32,8 фоизи (2 269таси) Осиё ва 30,3 фоизи (2 092таси) Африка қитъасига тўғри келади.

Тил – моддий, маънавий меросни сақлаш ва бойитишнинг энг кучли воситаси. ЮНЕСКО ҳисоб-китобига кўра, мавжуд 7 мингга яқин тилнинг ярми ХХI асрда ўзининг «сўнгги соҳиби»дан ажралиши мумкин. Баъзи фаразларга кўра, аср охирига келиб мавжуд тилларнинг 95 фоизи ўлик тилга айланади. Ҳар ойда дунё миқёсида иккитадан тил ўлаётгани эса даҳшатли ҳодиса!

ЮНЕСКОнинг 2017 йил 15 июндаги хабарига кўра, ўлим ёқасида турган 2,5 минг тилдан 15таси Марказий Осиё минтақасига тўғри келади. Жумладан, Ўзбекистондаги Марказий Осиё араблари тили, Бухоро-Самарқанд яҳудийлари тили, Марказий Осиё лўлилари (парё) тилини келтириш мумкин. Қолган тилларнинг 2таси Қозоғистон ва Қирғизистонда (дунган ва ойрот тиллари), биттаси Туркманистонда (трухман тили), 9таси Тожикистонда (вохон, ишкомиш, санглич, рошорв, шуғон, бартанг, рушон, язғулоб, яғноб тиллари). 

Тилга давлат тили мақоми берилиши уни йўқолиш муаммосига дуч келиш хавфидан маълум даражадагина (!) халос қилади. Масалан, удмурт, чукот, чечен тиллари ҳам, давлат тили бўлса-да, йўқолиш хавфига юз тутаётгани – фикримизнинг далили. Албатта, давлат тили мақоми тил ва унинг соҳиблари учун жуда улкан ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, тарихий, ҳуқуқий аҳамиятга эга. У – миллий яхлитликни ва бардавомликни таъминловчи асосий восита. Бироқ унинг ўзигина тилнинг яшаб қолиши учун етарли эмас.

Тиллар ўлими сони сўнгги ўн йилликда охирги юз йилликдагидан кўпроқ. Тиллар ўлимига асосан нималар сабаб бўлмоқда?

— Тил нега ўлади? Чунки одамлар ундан фойдаланмай қўяди, кенг қўлланишдаги ва «обрўли» тилларга устунлик берилиши натижасида бу тилда таълим олинмайди.