Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси “Метрология тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўйича муҳокамалар ўтказди. Унда депутатларнинг ўрганишлари, аҳоли билан ўтказилган учрашувларда кўтарилган муаммолар, ишлаб чиқариш корхоналари, тадбиркорлар дуч келаётган ҳолатлар таҳлил этилди.

Депутатларнинг таъкидлашича, мамлакатнинг метрология соҳасидаги ҳуқуқий базаси халқаро талаблар билан тўлиқ уйғунлашмаган. Республикада амалга оширилган ўлчашлар ва синовлар натижалари хорижда тан олинишига жиддий тўсиқлар мавжуд. Соҳада хусусий сектор улушининг камлиги, метрологик лабораториялар техник базасини модернизация қилиш масалаларига эътиборнинг сустлиги саноат тармоқларида ҳамда ижтимоий соҳаларда метрологик таъминотини амалга оширишда бир қатор муаммолар йиғилиб қолишига асос бўлмоқда.

Шунингдек, ўлчашларнинг асосий пойдевори бўлган миллий эталон базаси етарли даражада ривожланмаган. Бугунги кунда Ўзбекистонда 12 та миллий эталон мавжуд бўлиб, бу тараққий этган мамлакатларга қараганда паст кўрсаткич ҳисобланади. Шу боис, айрим ишлаб чиқарувчи корхоналар технологик жараёнда фойдаланиладиган ўлчаш воситаларни калибровка қилиш мақсадида хорижий мамлакатларга олиб боришга мажбур бўлмоқда.

Бундан ташқари, аҳоли ва юридик шахслар ихтиёрида бўлган ўлчаш воситалари (маиший ҳисоблагичлар)ни қиёслашда бир қатор ноқулайликлар, бюрократик тўсиқлар, тарафларнинг манфаатлари тўқнашуви ҳам мавжуд.

Ушбу номутаносибликларни бартараф этиш масаласи янги таҳрирдаги “Метрология тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг асосий мақсади бўлиб, мазкур қонун депутатлар ҳамда соҳа мутахассислари фикрлари ва тавсиялари асосида иккинчи ўқишга тайёрланмоқда.

Депутатларнинг 2017-2018 йиллар давомида жойларда олиб борилган ўрганишлари давомида аҳолининг электр энергияси ва газ сарфи ҳисоблагичларини давлат қиёсловидан ўтказиш билан боғлиқ муаммоларнинг бир қисми Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари номига парламент сўровининг юборилиши натижасида ўз ечимини топди. Бироқ ечимини кутаётган масалалар тўлиқ ҳал этилмади ва бу ишларни охирига етказишни депутатлар ўз назоратида қолдирдилар.

Метрологик хизматларни амалга оширишнинг шаффоф, соддалаштирилган интерактив тартиб-тамойилларининг йўқлиги, саноат тармоқларида калибрлаш ишларини жорий этиш масалаларининг етарли даражада олиб борилмаётгани, ижтимоий соҳада, жумладан, маиший энергоресурсларни ҳисобга олиш приборларини метрологик таъминоти бўйича ягона тизим мавжуд эмаслиги каби муҳим масалалар янги таҳрирдаги қонун билан тартибга солиниши таъминланадиган бўлди.