Бизнесни юритишда кадрларнинг аҳамияти, уни тезкор замонга мослашда технологияларни қўллаш, рақобатни енгиш ва доимо оммабоп компания мақомини сақлаш борасида McDonald's –  ўрнак бўлса арзигулик компания. Republic мақоласида машҳур фастфут тармоғининг шу йўналишлардаги тажрибаси ҳақида сўз боради.

Уч йил муқаддам McDonald's раҳбари Стив Истербрук Мадридда компаниянинг маҳаллий топ-менежерлари билан учрашишга қарор қилганди. Йиғилиш ўтказилиши режалаштирилган конференц-залда ғамгин кайфият ҳукм сурарди. Менежерлар «Барселона» ва «Реал Мадрид» ўйинлари кунларидаги салбий молиявий кўрсаткичлар сабаб хафа эдилар. Ўйин вақтида одамлар уйда қолиб, McDonald's’нинг асосий рақиби – Burger King'дан егулик буюртма қилишганди.

Ана ўшанда Истербрук ўзи бошқараётган компания кўз ўнгида «эскириб» бораётганини тушунди. Америка ресторанлар тармоғи бутун дунё бўйлаб муаммоларга дуч келаётганди. АҚШ аҳолиси McDonald's бургерларига қараганда Chipotle бурритолари ва Chick-fil-A товуқли сэндвичларини тобора кўпроқ афзал билишаётганди. Буюк Британияда Deliveroo иловаси орқали бургерларнинг юзлаб турларини буюртма қилиш мумкин эди.

Буларнинг бари молиявий кўрсаткичларда акс этмай қолмади: 2015 йилда, Истербрук McDonald's раҳбарига айланишидан бир ҳафта олдин, компания бир неча ўн йилликдаги энг салбий молиявий кўрсаткичлар ҳақида маълум қилди. 

Йилнинг энг муҳим футбол учрашувларидан бири вақтида Испанияда кузатилган салбий ҳолат эса сўнгги томчи бўлганди. Bloomberg Businessweek’нинг ёзишича, айни мана шундан кейин Истербрук компанияни кескин ўзгартиришга қарор қилади. 

Стив Истербрук / Фото: Shannon Stapleton / Reuters

Илк McDonald's

McDonald's тарихи XX асрнинг биринчи ярим йиллигига бориб тақалади. Ака-ука Дик ва Мак Макдональдларнинг Калифорнияда кичик емакхонаси бор эди. Бу ерда хот-доглар билан савдо қилинарди. 1940 йилда емакхона тубдан қайта реконструкция қилинди. Янги жой McDonald's Bar-B-Q деб аталди, унда 25та турли позициялар мавжуд эди.

Саккиз йил ўтгач, тамаддихона номидан «Bar-B-Q» сўзи олиб ташланди, меню ҳам қайта кўриб чиқилди: унда фақат гамбургер, чизбургер, картошкали чипслар, қаҳва, ичимликлар ва олмали пирог қолди. Ресторан бир вақтда бир неча ўнлаб кишиларга хизмат кўрсата оларди.