Ҳужжатдан мақсад ўзбек тилининг халқ ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш ҳисобланади.
Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, «Тараққиёт стратегияси» маркази ва кенг жамоатчиликнинг ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун – 21 октябрь санасини «Ўзбек тили байрами куни» деб эълон қилиш тўғрисидаги таклифи маъқулланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида ходимларининг умумий чекланган сони 9та штат бирлигидан иборат Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилади ва унинг тузилмаси иловага мувофиқ (Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Департамент мудири, Давлат тилини ривожлантириш ва давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижросини мониторинг қилиш бўлими мудири, Атамашунослик ва топонимик объектларга ном бериш фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими мудири, Давлат тилини ривожлантириш масалалари бўйича бош мутахассис, Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижросини мониторинг қилиш масалалари бўйича бош мутахассис, Атамашунослик ва топонимика соҳасида қонун ҳужжатлари ижросини мониторинг қилиш масалалари бўйича бош мутахассиc ва Топономик объектларга ном бериш масалалари бўйича бош мутахассис) тасдиқланади.
- Қуйидагилар Давлат тилини ривожлантириш департаментининг асосий вазифалари этиб белгиланган:
- давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳада жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини жорий этиш;
- давлат органлари ва ташкилотлари, жумладан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини ташкил қилиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;
- давлат тилининг амал қилиши билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан, шунингдек, уни ривожлантириш соҳасида
- ягона давлат сиёсатини юритиш бўйича таклифлар тайёрлаш;










