22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайлов бўлиб ўтади.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессори Сурайё Одилхўжаева Kun.uz мухбири билан суҳбатда вакиллик органларига сайловларнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида гапириб берди.

Сурайё Одилхўжаева – юридик фанлари доктори, профессор. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) ва Тошкент давлат юридик институтини тугатган. 250дан ортиқ илмий-оммабоп материаллар муаллифи. Айни пайтда ЖИДУнинг Халқаро оммавий ҳуқуқ ва давлат-ҳуқуқий фанлар кафедраси мудири сифатида ишлаб келмоқда.

– Сурайё Маҳкамовна, бу йил бўлиб ўтиши кутилаётган сайловларнинг олдингиларидан фарқи нимада?

– Парламент сайловлари ҳар қандай мамлакат учун демократия ва халқ иродасининг тўғридан-тўғри ифодаси бўлиш билан бирга давлат тараққиётини белгиловчи жуда муҳим сиёсий жараён ҳисобланади. Сайловлар – давлат ландшафтини ўзгартирувчи, сиёсий кучлар тафовутини кўрсатувчи, давлатнинг келажагини белгиловчи энг демократик услубдир.

Энди 2019 йил 22 декабрда бўлиб ўтадиган сайловларга келсак, уларнинг ўзига хос жиҳатлари кўп. Биринчидан, бу сайловлар барча халқаро стандартларни ўзида акс этган Ўзбекистон Республикасининг янги Сайлов кодексига асосан бўлиб ўтади. 

Иккинчидан, сайловлар Сайлов кодексининг 28-моддасига кўра, иштирокчиларнинг ягона электрон рўйхатига кўра амалга оширилади. Бу рўйхат ҳаққонийлигини махсус сайтда кузатиб бориш мумкин.

Учинчидан, Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Экологик ҳаракати учун белгиланган 15 депутатлик квота бекор қилинди. Энди 150 ўрин учун (олдин 135 ўрин эди) барча партиялар тенг кураш олиб борадилар.

– Фикрингизча, нима сабабдан биз партия лидерларининг реал дебатларини кузатмаймиз? Мавзу йўқми, улар андиша қиладиларми ёки бу нарсага норасмий тақиқ қўйилганми. Ахир бу баҳслар кўп жиҳатга ойдинлик киритиши мумкин-ку.

– Саволингизга ҳуқуқ нормаларига асосланиб жавоб берадиган бўлсам, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 45-моддасига кўра, сайловолди тарғиботлари номзодларни рўйхатга олишнинг охирги муддатидан кейинги кундан бошланади. Айни кунларда барча беш партия рўйхатга олиб бўлинди, энди партиялар съездларида депутатликка номзодларни илгари суриш бошланади. Демак, дебатлар ҳақида гапиришга ҳали эрта.