Аҳолини узлуксиз иссиқ сув ва иссиқлик қуввати билан таъминлаш бўйича 4 октябрь куни президент ҳузурида йиғилиш бўлиб ўтган эди. Биз шу мавзу юзасидан суҳбат ўтказиш мақсадида Уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигида бўлдик.

Вазир ўринбосари Ғофур Жамолов билан кечган суҳбатимиз иссиқлик таъминотидаги муаммолар ва бу соҳада қилинаётган ишлар мавзусида бўлди.

– Иссиқ сув ва иссиқлик қуввати биздаги оғриқли масалалардан бири ҳисобланади. Ўзимиз ҳам пойтахтга келганимиздагина иссиқ сув таъминотини кўрганмиз. Бутун республика бўйлаб қачон иссиқ сув таъминланиши мумкин?

– Кўп йиллар давомида соҳада фаолият юритувчи ягона мувофиқлаштирувчи тизим бўлмаган. Соҳа ҳудудий бошқарувга берилган. Ташкилотларнинг ўз устида ишлаши, модернизация бўйича бир «йўл бошловчи» бўлмаган. Ўша пайтларда жорий ва капитал таъмирлаш масалалари учун тарифларда маблағлар кўзда тутилмаганлигини ҳам мисол қилишимиз мумкин.

Жами бўлиб, 39 мингта кўп қаватли уй бўлса, улардан 23800тасини таъминлашимиз шарт. Айтилган масалалар сабабли ҳозирги кунда 13900та уйга иссиқлик беряпмиз. Бу дегани 10 мингга яқин уйлар иссиқлик тармоғидан узилган деганидир.

Иссиқлик таъминоти ва иссиқлик энергияси бўйича келгусидаги қадамларимизни аниқ белгилаб олдик. Соҳага охирги марта инвестиция киритилгани 1988 йилда бўлган. Энг янги қозонхонамиз 1988 йилги қозонхонадир.

Бизда мавжуд 5 минг километр иссиқлик тармоқларидан 75 фоизи фойдаланиш муддатини ўтаб бўлган. Худди шундай, 633та марказий ва маҳаллий қозонхоналаримиз бор. Улардан ҳам 40 фоизи муддатини ўтаб бўлган. Улар собиқ иттифоқ даврида қурилган бўлиб, энергияни кўп сарф этадиган ҳолдадир.

Мана, лойиҳаларни бошладик. Жаҳон банки билан биргаликда 5та йирик шаҳарни ўзига қамраб олган лойиҳалар бошланди. Лойиҳа Андижон, Бухоро, Самарқанд, Чирчиқ ва Тошкентнинг Сергели тумани иссиқлик таъминотини модернизация ва реконструкция қилишни кўзда тутади.

Юқорида айтганим 10 мингга яқин иссиқлик энергияси берилмаётган уйлардан 1200тасини шу лойиҳада қилиб берамиз.

Яна бир лойиҳа – Европа Тикланиш ва тараққиёт банки билан олиб борилмоқда. Лойиҳа қиймати 150 миллион доллар бўлиб, у пойтахтнинг икки иссиқлик маркази ва 200га яқин қозонхонани қамраб олади.