Ўзбекистон | 10:22 / 28.10.2019
8042
5 дақиқада ўқилади

Она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилишга йўл қўйилмайди

Фото: iStock

“Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида”ги Қонун эълон қилинди. У олти ой ўтгач кучга киради.
 
Norma’нинг ёзишича, ҳужжат билан болалар озиқ-овқат маҳсулотлари ва уларни ишлаб чиқарувчиларга нисбатан бир қатор талаблар ва чекловлар жорий этилмоқда.
 
Биринчидан, рекламада қуйидагиларни инобатга олиш лозим:

• она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилиш тақиқланади;
• она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотлар тўғрисидаги ҳар қандай ахборот она сутининг, шунингдек гўдакни 6 ойгача озиқлантиришда бошқа таомдан ёки ичимликдан, шу жумладан сувдан фойдаланмасдан фақат она сути билан озиқлантиришнинг фойдаси ва афзаллиги тўғрисидаги кўрсатмани ўз ичига олган бўлиши керак;
• бола ҳаётининг биринчи йили мобайнида унинг рационига киритилган қўшимча овқат маҳсулотлари рекламасида бундай маҳсулотлар қўлланилишининг ёшга доир чекловлари тўғрисидаги маълумотлар ҳамда мутахассисларнинг маслаҳати зарурлиги ҳақидаги огоҳлантириш бўлиши керак.
 
Иккинчидан, гўдаклар (1 ёшгача) ва кичик ёшдаги болалар (1 дан 3 ёшгача) озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ва   тарқатувчиларга қуйидагилар тақиқланади:

• кўрсатилган овқатланишга доир илмий тадқиқотларни молиялаштиришни Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишмаган ҳолда амалга ошириш;
• тиббиёт ходимларига она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотлар билан боғлиқ бўлган реклама тусидаги материаллар тақдим этиш (бундан илмий ахборот мустасно);
• она сути ўрнини босувчи маҳсулотларнинг номидан фойдаланган ҳолда товарларни (тиббиёт халатларини, футболкаларни, бош кийимларини, канцелярия ашёларини ва бошқаларни) текин асосда тарқатишга;
• она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотлар тўғрисидаги реклама маҳсулотини оналар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида тарқатишга;
• ҳомиладор аёлларга, гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг оналарига ҳамда уларнинг оила аъзоларига она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни қўллашга ёки идишчалардан озиқлантиришга кўмаклашиши мумкин бўлган маҳсулотларни, шунингдек буюмлар ёки ашёлар тарзидаги бирор-бир совғани беришга. Истисно - она сути билан озиқлантиришга тиббий жиҳатдан мутлақ монеликлар мавжуд бўлган ҳоллар;
• тиббиёт муассасаларига (она сути билан озиқлантиришга мутлақ қарши тиббий кўрсатмалар мавжуд бўлган тақдирда она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни берувчи болалар уйлари ва даволаш-профилактика муассасаларидан ташқари) она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни, бундан болаларни махсус даволаш бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари мустасно, бериш.
 
Учинчидан, болалар учун ишлаб чиқариладиган ҳамда олиб кириладиган, Ўзбекистонда реализация қилиш учун мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотлари сертификатлаштирилиши ҳамда сифат ва хавфсизлик талабларига мувофиқ бўлиши керак.
 
Тўртинчидан, бундай маҳсулотларга тегиб турадиган ўров материалларининг (идишлар) қўлланилишига давлат назорати органлари томонидан рухсат этилиши ва яроқлилик муддати ичида ҳар қандай тарзда ифлосланиши ва бузилиши имкониятини истисно этиши ва бут сақланишини таъминлаши керак. Озиқ-овқат маҳсулотларининг тамғасига (ёрлиғига) ва сўрғичли идишчаларга алоҳида талаблар белгиланган. Масалан, улардаги ёзувлар ўзбек тилида (қўшимча ёрлиқдан фойдаланиш мумкин) ва зарур бўлган тақдирда бошқа тилларда бўлиши керак, боланинг маҳсулотни истеъмол қилишига рухсат этиладиган ёшини кўрсатиш лозим, гўдакларнинг фотосуратлари, сўрғичли идишчаларнинг суратлари, агар ушбу тасвирлар маҳсулотдан фойдаланиш ёки уни тайёрлаш усулларини бевосита ифодаламаса, тақиқланади.
 
Бешинчидан, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ҳамда реализация қилишда албатта санитария нормаларига, қоидаларига ҳамда гигиена нормативларига риоя этилади. Болалар учун мўлжалланган, қайта ишланган маҳсулотдан олинган хом ашёни қўллаш мумкин эмас. Болалар озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, йўқ қилиш ёки улардан озиқ-овқат эҳтиёжларидан бошқа эҳтиёжлар учун фойдаланиш усуллари ва шартлари уларнинг эгалари томонидан назорат қилувчи давлат органлари билан келишилиши лозим.

Гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни она сути билан озиқлантириш учун махсус ажратилган жойлар ташкил этилади. Улар давлат муассасалари ҳамда ташкилотларида, автовокзаллар, аэропортлар ва темир йўл вокзалларида, маданий-кўнгилочар муассасаларда бўлиши шарт, бироқ бошқа ташкилотларда ҳам ташкил этилиши мумкин.

Мавзуга оид