Ўзбекистонда утилизация йиғимини жорий қилиш режалаштирилаётгани июнь ойида маълум бўлган эди. Ишлаб чиқарувчилар, шунингдек, хориждан транспорт воситалари олиб кираётган компаниялар ва жисмоний шахслар ушбу йиғим тўловчилари бўлишади.

Жорий йилнинг 11 октябрь куни Олий Мажлис Сенати утилизация йиғимини жорий қилишга имкон берувчи қонун қабул қилгани ҳақида хабар берилди. Лойиҳа 8 қонун ва 4 кодексга киритиладиган ўзгартишларни ўз ичига олган бўлиб, айни вақтда давлат раҳбари томонидан имзоланиши кутилмоқда.

Мазкур йиғим жорий этилиши автомобиль бозорига (жумладан божхона ставкаларида юз берган яқиндаги ўзгаришлар доирасида) қандай таъсир кўрсатишини ўргандик.

Дастлаб автомобиль импорт қилувчиларнинг дилерлик марказларига мурожаат қилиб, уларнинг утилизация йиғими жорий этилиши масаласидаги фикрларини тингладик.

Roodell (Lada, Kia, Renault) компанияси бош директори Данияр Давлетияров қуйидагиларни маълум қилди: «Ҳа, албатта, ушбу масала биз учун жуда муҳим. Биз диққат билан янгиликларни кузатиб бормоқдамиз. Агар бошқа давлатларга назар солсак, масалан, Қозоғистон ва Россия Федерациясида автомобиллар учун утилизация йиғими ушбу мамлакатлар ЖСТ (Жаҳон савдо ташкилоти) аъзолиги тўғрисида эълон қилинганидан ҳамда автомобилларга нисбатан божхона божлари пасайтирилгандан сўнг, яъни бозор очилгандан кейин жорий қилинган эди. Йиғим маҳаллий автомобиль ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш ва импорт қилинувчи автомобиллар учун божхона божлари пасайтирилиши натижасида бюджетга тушмаган даромадлар ўрнини қоплаш учун жорий қилинганди.

Автомобиллар нархи ўзгариши масаласи хусусида гапирсам:

- импорт қилинадиган автомобилларнинг нархлари утилизация йиғими+ҚҚС (йиғим учун) миқдорида кўтарилади;

- мамлакатимизда ишлаб чиқарилган моделлар нархи ўзгармайди, чунки давлат ушбу тўловларни қайтаради, ёки умуман уларни ушлаб қолмайди (РФ ва Қозоғистонда айнан шундай ҳолат кузатилмоқда).

Хулоса қилиб айтганда, муҳокама қилинаётган «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси утилизация йиғими жорий қилиш ҳуқуқини берувчи қадам бўлади, холос. Йиғимнинг ўзи эса янги енгил автомобиллар бозори эркинлаштирилиши билан киритилиши мумкин».

Импорт қилувчилар утилизация йиғими уларнинг автомобилларининг нархини оширади деб ҳисоблашади.

Бу ҳақда «Ўзавтосаноат» қандай фикрда? 2019 йил 10 сентябрь куни компания вакили Рустам Қодиров «Адолат» СДП фракцияси йиғилишида Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси тайёрлангани ҳақида гапириб ўтди. Унинг сўзларига кўра, импорт қилинувчи автомобиллар ставкалари 2 бараварга пасайтирилади, бунинг оқибатида автомобиллар нархлари ўзгармайди. Шу сабабли улар учун утилизация йиғими жорий қилинишини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.