Ўзбекистонда аҳолини газ билан таъминлаш яхшиланиши учун нималар қилинмоқда, магистрал газ қувурлари қай аҳволда, газ экспорти қандай йўналишлар орқали амалга оширилади?

Шу ва бошқа қатор саволларга жавоб олиш мақсадида «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти раиси Улуғбек Сайидов билан суҳбатлашдик.

Сайидов Улуғбек Ҳусанович – Ўзбекистон нефт-газ соҳасида қарийб 20 йиллик иш тажрибасига эга. Дастлаб «ЎзЛИТИнефтгаз» ОАЖда муҳандис сифатида иш бошлаган, 32 ёшида мазкур лойиҳа институтининг бош директори этиб тайинланган. 2016-2019 йилларда «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари лавозимида меҳнат қилган.  2019 йилнинг 24 июлидан – «Ўзтрансгаз» АЖ бошқаруви раиси.

– Улуғбек Ҳусанович, дастлаб Ўзбекистон газ транспорт тизими ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Мамлакатимиз газ-транспорт тизими энг ривожланган тизимлардан биридир. Барча вилоятлардан магистрал газ қувурлари ўтган ва уларнинг умумий узунлиги 13 250 км.ни ташкил қилади. Мисол учун айтишимиз мумкин, Бухородаги Газли кони ҳатто собиқ иттифоқ газ тизимининг бошланиш нуқтаси бўлган. Бундан 50-60 йил олдин Бухоро гази Россия федерацияси ҳудудига етказиб берилган. Мана шу Газли ҳудудини ҳалигача Ўзбекистон Республикасининг газ-транспорт ҳаби деб ҳисоблаш мумкин. Газли кони негизида газ омбори ҳам мавжуд ва бу омбор ҳар йили 3 млрд. куб м. газ сақлаш ва қиш мавсумида фойдаланиш имконини беради.

Бугунги кунда тармоғимизда 393 та газ тақсимлаш, 25 та компрессор станциялари бор ва уларда 250 та агрегатлар ишлайди. Улар газни бир нуқтадан иккинчи нуқтага етказишга хизмат қилади.

Энг муҳим нуқталаримиздан бири бу – Марказий Осиё газ ўтказиш қувурлари тизими. Бу тизим азалдан ўзбек ва туркман газларини шимолга етказиб беришга хизмат қилган ва бир кунда 100 млн. м3 газ ўтказиш қувватига эга.

Мустақиллик йилларида яна бир йирик газ ўтказиш тизими қурилди – бу Ўзбекистоннинг 525 км. ҳудудидан ўтувчи, Туркманистон ва Ўзбекистон газини Хитойга етказиб берувчи йўналиш ҳисобланади. Бу транзит орқали Ўзбекистон яхши маблағ ишлаб олиш билан бирга мазкур лойиҳа тўлиқ хорижий инвестиция орқали амалга оширилгани ҳам аҳамиятлидир. Бу лойиҳа 50 млрд. м3гача газ ўтказиш қувватига эга. Лойиҳа ишчиларининг барчаси юртдошларимиздир.