Шоисломов сўнгги уч йил ичида Ўзбекистонда амалга оширилган учта асосий ислоҳотни санаб ўтди. Булар: ҳуқуқ устуворлиги, сўз эркинлиги ва муҳтож аҳолига ижтимоий ёрдам кўрсатилишидир.
«Бир неча йиллар аввал сўз эркинлиги кўпчиликнинг тушига ҳам кирмасди. Илгарилари одамлар ошхоналарда бир-бирига пичирлаб гапирар, уларнинг нима ҳақида гаплашаётганини кимдир эшитиб қолса олиб кетиб сўроқ қилишидан чўчишарди. Бугун эса одамлар ўзларини анча эркин ҳис қилишмоқда», - деди у.
Шу билан бирга, Шоисломов сўз эркинлигини суиистеъмол қилмаслик кераклигини таъкидлади.
Унинг фикрича, «интернет троллар»га нисбатан чекловлар киритиш ва қонун доирасида жазолаш лозим. У шунингдек, оммавий ахборот воситалари хусусида ҳам фикр билдирди.
«Бугун биз нафақат ахборот олиш, балки ахборот бериш маданиятини ҳам шакллантиришимиз лозим... ОАВ – тиғ каби, уни бежизга тўртинчи ҳокимият дейишмайди. Ушбу тиғ билан одамни операция қилиб даволаш ҳам, ўлдириш ҳам мумкин. ОАВ тиғидан тўғри фойдаланиш лозим», - деди Шоисломов.

У шунингдек, маҳаллий бошқарув органларининг ислоҳотларни амалга оширишдаги ижро услубини танқид қилди.
«Кескин куч ишлатиш, босим ўтказиш, илгаригидек «тез бўл, бульдозер билан бузиб ташла» каби услублар – одамларга бундай муносабатда бўлмаслик керак. Булар эски даврдан қолиб кетган иллат. Афсуски, аксарият ҳокимларимиз янгича ишлашга мослаша олишмаяпти. Ҳоким, вазир ёки ҳар қандай раҳбар у ёки бу дастурни қандай бажариш бўйича шароит яратиши, стратегия тузиб олиши лозим», - таъкидлади Шоисломов.











