Тергов департаменти «Human xususiy bandlik agentligi» таъсисчилари билан боғлиқ хабарларга муносабат билдирди
«Human xususiy bandlik agentligi» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят ишининг баъзи тафсилотлари ошкор қилинган эди. Энди эса фуқаролар кўрган зарарлар қопланмаслиги, пулларини қайтаришнинг иложи йўқлиги ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалди. Уларда бандлик агентлиги таъсисчиларидан бири сифатида айтилаётган «JOINT-BUSINESS-GROUP A» ширкати жавобгарликка тортилмаётгани, барча таъсисчилари ишга гувоҳ сифатида чақирилаётгани айтилмоқда.
Ушбу масала юзасидан Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти тергов гуруҳи жиноят ишининг қўшимча тафсилотларини маълум қилди.
«Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда «Human xususiy bandlik agentligi» МЧЖ ҳақида турли гаплар тарқалмоқда. Жумладан, агентлик таъсисчиси ҳисобланган «JOINT BUSINESS GROUP A» МЧЖ мансабдор шахслари агентликка фуқаролар томонидан тўлов қилинган пулларини эгаллаб олгани, мазкур жамиятнинг ҳисоб рақамида 240 млн сўм миқдордаги пул маблағи борлиги, дастлабки тергов органи томонидан жабрланувчиларга етказилган моддий зарар ўрнини қоплашга қаратилган бирор-бир ҳаракат амалга оширилмаётгани тўғрисида мақолалар чиқди.
Тергов департаменти томонидан «JOINT BUSINESS GROUP A» МЧЖ бош директори Ғ.А. сўроқ қилинганда, у ўз кўрсатувида «Human xususiy bandlik agentligi» МЧЖга 460 000 000 сўм миқдордаги пул маблағлари билан таъсисчи сифатида кирганини, сўнг агентлик раҳбари Ш.З.Файзуллаев билан ўзаро келишмовчилик келиб чиққани ва шу мунособат билан 2019 йил 30 январь куни 1-сонли таъсисчилар йиғилиш баённомасига асосан агентлик таъсисчилигидан чиққани, агентлик ўз навбатида Ғ.А.га устав фондига киритган пулларидан 70 млн сўмини устав ҳисобидан ва 240 млн сўмни моддий ёрдам тариқасида қайтаргани, ҳозирги кунда агентлик унга яна 150 млн сўм қайтариши лозимлигини кўрсатган.
Бундан ташқари, дастлабки тергов давомида Ш.З.Файзуллаевга тегишли бўлган Тошкент шаҳридаги 4та хонадон, Тошкент вилоятидан 1 хонадон, жами 4та автомашина аниқланиб хатланган. Шунингдек, Ташқи меҳнат миграцияси депозит ҳисоб рақамида мавжуд бўлган ва «Human xususiy bandlik agentligi» МЧЖга тегишли 50 000 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларига банд солинган.
Жиноят иши бўйича ҳужжатли тафтиш тайинланган ва тафтиш якунига кўра қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади», – дейилади берилган маълумотда.
Бундан аввалроқ, «Human xususiy bandlik agentligi» МЧЖ мансабдор шахслари 2018 йил ноябрь ойидан 2019 йил сентябрига қадар Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Германия, Чехия, Япония, Туркия, Болгария ва Литва давлатларига юбориб, ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, ҳар бир фуқародан таклиф этилган иш туридан келиб чиқиб, 11,5 млн сўмдан 35 млн сўмгача бўлган пул маблағларини жамиятнинг банкдаги ҳисоб рақамига ўтказиш орқали қўлга киритиб, шу кунга қадар уларни ишга жойлаштириш чораларини кўрмасдан, фуқароларнинг 20 миллиард сўмдан зиёдроқ жуда кўп миқдордаги пулларини фирибгарлик йўли билан эгаллаб олишгани аниқлангани ҳақида хабар қилинганди.
Қўшимча сифатида маълум қилинишича, «JOINT BUSINESS GROUP A» МЧЖ 2019 йил 30 январь куни 1-сонли таъсисчилар йиғилиш баённомаси тузилган, бироқ давлат рўйхатидан ўтмаган.
Мавзуга оид
16:58 / 03.04.2021
Фирибгарлар уддабуронми ё одамлар лақма?
14:30 / 23.07.2020
Human ХБАдан жабрланганларнинг ҳаммасига ҳам пуллар қайтариб берилмаган. Бунга нима сабаб бўлганди?
16:30 / 02.06.2020
«Korean and migration xususiy bandlik agentligi» бўйича суд иши бошланди
15:34 / 06.05.2020