Ўзбекистон | 11:14 / 02.11.2019
10147
2 дақиқада ўқилади

Владимир Норов: «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли транспорт тармоғининг муҳим бўғинига айланади» 

Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтмоқда.

Kun.uz мухбирининг хабар қилишича, тадбирда ШҲТ бош котиби Владимир Норов сўзга чиқиб, қуйидаги фикрларни билдирди:

“Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг қурилиши истиқболда транспорт тармоғининг муҳим бўғинига айланади, деб ҳисоблаймиз. Минтақавий магистралларни қуришда ШҲТ Афғонистон алоқа гуруҳи имкониятларидан фойдаланган ҳолда Афғонистонни ҳам жалб этиш муҳим.

ШҲТ ҳудуди рақамлаштириш, телекоммуникация технологиялари ва ишлаб чиқаришнинг янги технологиялари, робототехника, сунъий идрок каби соҳаларда етакчи ўринни эгаллаши лозим. 

Электрон савдо ҳажмининг миллий, минтақавий ва глобал даражаларда фаол ўсишини ҳисобга олиб, ШҲТ доирасида ана шу истиқболли йўналишда ҳамкорлик дастурини қабул қилиш масаласи юзага келди.  

Туризм ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим омилига айланди. Смарт туризм, онлайн тўловлар, маданий объектлар рақамлаштирилишининг татбиқ этилиши ШҲТ мамлакатларида туризм саноатини ривожлантиришда қўшимча туртки бўлиб хизмат қилади”, - деди Норов.

Бундан олдин, Тошкентда ШҲТ ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилиши бўлиб ўтаётгани хабар берилганди.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид