Сербия Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан эркин савдо шартномасини имзолашидан бир неча кун олдин Россия бош вазири Дмитрий Медведев Белградда бу хабарни оммага ошкор қилган эди. Тасодифни қарангки, бир неча ҳафта аввал ўхшаш вазият юз берди – Россия Федерал Кенгаши раисаси Валентина Матвиенко Тошкентга қилган ташрифи давомида Ўзбекистон ЕОИИга киришга тайёргарлик кўраётгани ҳақида айтиб юборди.

Мунозараларга сабаб бўлган бу хабар кўпчиликни ўйга чўмдирди: Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлиши керакми ёки йўқ, бунинг фойда ва зарарлари нималардан иборат? Кўп мутахассислар масалага Ўзбекистоннинг ижтимоий ва иқтисодий ҳолати ва унинг савдо муносабатлари нуқтаи назардан ёндашиб, ЕОИИга аъзолик ҳозирча мақсадга мувофиқ эмас, деган хулосага келди. Лекин, негадир, ЕОИИнинг ички иқтисодий динамикаси қандай, иқтисодий институт сифатида келажаги борми, бу ташкилотни тузишдан асл мақсад нима эди деган саволлар очиқ қолди. Келинг, бу саволлар устидан бироз фикр юритиб кўрайлик. 

ЕОИИдан кўзланган мақсад

Бир қарашда ЕОИИ олдига қўйган мақсади жиҳатидан бошқа иқтисодий иттифоқлардан кўп фарқ қилмайди: божхона тарифларини қисқартириш, эркин савдони жорий қилиш, маҳсулот, хизматлар ва ишчи кучи учун ягона бозор ташкил қилиш орқали иқтисодий интеграциясини мустаҳкамлаш – ташкилотнинг эълон қилинган мақсадлари. Аммо, афсуски, бу иқтисодий мақсадлар унинг асл моҳиятини тўлиқ маънода очиб бера олмайди. Буни иттифоқнинг ички савдо динамикасида ҳам яққол кўришимиз мумкин.     

Оддий мисол – ЕОИИ билан яқинда эркин савдо шартномасини имзолаган Сербия. Бу давлатнинг Россия билан савдо ҳажми бор-йўғи 10 фоизни ташкил қилади.