«Ўзкимёсаноат» АЖ матбуот хизмати ижтимоий тармоқда тарқалган, маҳаллий аммофос таркибида фосфор миқдори белгиланганидек 46 фоиз эмас, 6 фоизлиги иддао қилинган хабар юзасидан муносабат билдирди.

«Ижтимоий тармоқдаги каналларнинг бирида «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти фаолиятига дахлдор масала юзасидан хабар эълон қилинди. Шу муносабат билан «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти қуйидагиларни маълум қилади:

Аввало хабарда бир қанча ноаниқликлар мавжуд эканлигини, муаллиф таъкидлаган маҳаллий ишлаб чиқарувчи ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ эканлигини таъкидлаб ўтиш жоиз. Шунга қарамай, хабар сўнгида келтирилган «Афсуски, «Ўзкимёсаноат» мутасаддилари билан боғланишнинг ҳам, фикрларини олишнинг ҳам имкони бўлмади» жумласи сабаб ушбу вазият жамиятимиз томонидан атрофлича ўрганилди.

«Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти тизимидаги «Аммофос-Максам» АЖ аммафос ишлаб чиқарувчи ва уни истеъмолчиларга етказиб берувчи ягона корхона ҳисобланади. «Навоийазот» АЖ, «Фарғонаазот» АЖ, «Электрохимзавод» АЖ ва собиқ «Қўқон суперфосфат заводи» АЖларида оддий суперфосфат ишлаб чиқарилади.

«Аммофос-Максам» АЖ томонидан 2019 йилнинг январь ойидан бошлаб ҳозирги кунга қадар жами 97 959 тонна физик ҳолда, 44 829 тонна соф ҳолда аммофос ишлаб чиқарилди. Корхона аммофос маҳсулотини Тs 00203074-9-2018 талаблари асосида ишлаб чиқаради. Аммофос таркибидаги фосфор оксиди миқдори 46±1 фоиз, азот миқдори эса 11±1 фоизни ташкил этади.

2019 йилнинг январь-октябрь ойларида Биржа савдолари орқали 75 262 тонна физик ҳолда аммофос қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга етказиб берилган бўлса, 7 528 тонна физик ҳолда аммофос экспорт қилинди.

Корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати доимий равишда, техник назорат бўлими ва аккредитацияланган илмий тадқиқот кимё-технологияси лабораторияси томонидан назорат қилиб борилади.

Ижтимоий тармоқдаги хабарда ҳавола қилинган, таркибида 6 фоиз фосфори бўлган аммофос ўғити корхона томонидан ҳеч қачон ишлаб чиқарилмаганлиги, ишлаб чиқарилаётган ва қишлоқ хўжалигига ортилаётган ҳар бир минерал ўғит сифати қаттиқ назорат остида эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Қуйидаги жавдалда «Аммофос-Максам» АЖда ишлаб чиқарилаётган аммофос ҳамда Қозоғистон Республикасида ишлаб чиқарилаётган аммофос таркиби тўғрисидаги маълумотлар келтирилган: