Ёш ва талантли футболчиларни барча яхши кўради. Айнан улар туфайли футбол келажагига оптимистик руҳда қараш мумкин. 2019 йилда Европа яшил майдонларида ўзини кўрсатган қуйидаги футболчилар 2020 йилда ҳам муваффақиятли ўйин кўрсатишда давом этишига шубҳа йўқ.

Эрлинг Ҳоланд, 19 ёш («Зальцбург»/«Боруссия» Д)

Фото: © TF-Images / Contributor / / Getty Images Sport / Gettyimages.ru

Златан Ибраҳимович фаолиятини якунлашга улгурмай, унга муносиб ворис етишиб чиқди. Тўғри, Швецияда эмас, қўшни Норвегияда. Бир йил муқаддам вояга етган Эрлинг Ҳоланд Австриянинг «Зальцбург» клуби билан шартнома имзолаганди. Унинг Чемпионлар лигасидаги дебюти ўта муваффақиятли кечди — Ҳоланд гуруҳ босқичидаги қаторасига 5та ўйинда гол урди ва бу борада Дель Пьеро, Неймар, Роналду ва Левандовски билан тенглашиб олди.

Вундеркинд барча жабҳаларда моҳир: баланд бўйли футболчининг тезлиги ҳам, техникаси ҳам яхши, майдонни кўриши ҳам. Уни қўлга киритиш учун «МЮ» ва «Ювентус» каби гигантлар кураш олиб боришди, жуда катта комиссия пули сўраган агент Мино Райола эса уларни қийин аҳволга тушириб қўйди. Ҳоланд олдида қийин танлов эди, «Юве» — суперклуб, Манчестерда эса футболчини «Мольде»далигида кашф қилган ватандоги Сульшер ишлайди.

Аммо янги йилни 19 ёшли форвард немис клубида бошлайдиган бўлди — австрияликлар ЕЧЛнинг гуруҳ босқичида қолиб кетишди ва норвегиялик футболчисини ҳақиқий ёш юлдузлар фабрикаси ҳисобланадиган Дортмунднинг «Боруссия» клубига бериб юборишди.

Жоау Фелиш, 20 ёш («Бенфика»/«Атлетико»)

Фото: © REUTERS / Susana Vera

Январь ойи бошида «Бенфика» бошқарувига 43 ёшли мутахассис Бруну Лажи келди. Унинг биринчи қарори 19 ёшли Жоау Фелишни асосий жамоада бошланғич таркибга қўйиш бўлди. Португалия футболининг янги юлдузи ишончни оқлади ва мавсумнинг иккинчи қисмини ҳаддан ташқари кучли ўтказди: «Спортинг» ва «Порту» каби асосий рақибларга қарши ўйинларда асосий футболчига айланди, Европа Лигасида «Айнтрахт» дарвозасига ҳет-трик йўллади ва катталар футболидаги биринчи мавсумида 20 гол урди. Ёзда «Атлетико» ҳеч иккиланмасдан Фелиш учун 126 миллион евро сарфлади (футболчи учун рақобат кучли эди) ва Симеоне жамоа ўйинини айнан унинг атрофида қуришга киришди.