Иқтисодиёт | 16:00 / 13.11.2019
6291
2 дақиқада ўқилади

Қонун билан тасдиқланаётган Давлат бюджетида нималар кўзда тутиляпти?

Эндиликда республика бюджети Олий Мажлис томонидан, маҳаллий бюджетлар эса жойлардаги маҳаллий Кенгашлар томонидан қабул қилинади.

Фото: Shutterstock

Парламент қуйи палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари, Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари ҳамда Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмиталари ишчи гуруҳи томонидан “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан муҳокамалар ўтказилди.

Қайд этилишича, ушбу қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ажратмаларини тасдиқлаш, бюджет жараёни ва бюджет даражалари ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш ҳамда 2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети ҳамда уларни тайёрлаш учун асос бўлган макроиқтисодий ривожланиш прогнозлари тўғрисида маълумотларни беришдан иборат.

Таъкидланишича, бюджет маълумотларининг очиқлигини янада ошириш мақсадида бюджет маблағларининг шаклланиши ҳамда сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатишнинг янги тартиби белгиланган. Ушбу тизимга кўра, 2020 йилдан бошлаб Давлат бюджети қонун шаклида қабул қилинади ва халқ вакиллари томонидан назоратга олинади.

Парламентга тақдим этиладиган Бюджет тўғрисидаги қонун лойиҳасида ва Бюджетномада аҳоли ҳамда ташқи ҳамкорларимизга мамлакат бюджетининг ҳолати очиқ-ойдин, халқаро стандартларга мувофиқ тарзда кўрсатилади.

Депутатлар таъкидлаганидек, эндиликда республика бюджети Олий Мажлис томонидан, маҳаллий бюджетлар эса жойлардаги маҳаллий Кенгашлар томонидан қабул қилинади. Қолаверса, харажатлар соҳалар бўйича эмас, вазирлик ва идоралар кесимида тасдиқланади. Бу мазкур вазирлик ва идораларнинг мустақиллигини ошириш билан бирга, уларнинг харажатлари самараси учун масъулиятини ҳам кучайтиради.

Муҳокама этилган масала юзасидан қўмиталарнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Мавзуга оид