Жорий йилнинг 11 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида, судья Зафар Нурматов раислигида Навоийдаги 47-сонли жазони ижро этиш муассасасида вафот этган Ш.С. иши бўйича суд жараёнлари якунланди.

Даставвал, сўнгги сўз судланувчиларга берилди. Судланувчи К.Ж. айби йўқлигини маълум қилиб, ўзи оқланишини сўради. Бошқа судланувчилар ҳам бу ишни атайин қилишмагани, қилмишларидан афсусда эканликларини билдиришди.

Ишда иштирок этган барча шахсларнинг сўнгги сўзлари тингланиб, суд маслаҳатга кирди. Суд маслаҳатидан сўнг иш бўйича ҳукм ўқилди.

Ҳукмга кўра барча судланувчилар Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 3-қисми билан айбли деб топилди.

Айбланувчиларнинг барчаси Олий Мажлис Сенатининг 2016 йил 12 октябрдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисидаги қарорига мувофиқ, асосий жазодан озод этилди.

Шунингдек, суд ҳукми билан судланувчиларга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 45-моддаси қўлланиб, турли кўринишдаги муайян ҳуқуқдан маҳрум этиш жазо чоралари қўлланди.

Жумладан, судланувчи К.Ж. бир йил муддатга тиббиёт муассасаларида стационар жарроҳлик амалиёти билан шуғулланиш ҳуқуқидан, судланувчи М.И. бир йил муддатга раҳбарлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан, судланувчи Ш.Х. бир йил муддатга Ўзбекистон Республикаси ИИВ жазони ижро этиш муассасаларига қарашли тиббиёт бўлимларида ишлаш ҳуқуқидан, судланувчи А.Д. бир йил муддатга нефролог ихтисослиги бўйича ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди.

Жабрланувчи, марҳумнинг онасига етказилган моддий ва маънавий зарар фуқаролик судлови тартибида ундириш ҳуқуқи тушунтирилди.

Суд-тиббиёт экспертизаси илмий-амалий маркази раҳбариятининг эътибори марказнинг криминалистика бўлимидаги Қурбанов ва марказнинг Навоий вилоят филиали бўлим эксперти Ўрунов томонидан йўл қўйилган жиддий хато ва камчиликларга қаратиш юзасидан ҳусусий ажрим чиқарилди. Уларга нисбатан интизомий жазо чораси қатъий ҳал қилиниши ажримда белгилаб қўйилди.

Раислик қилувчи жиноят ишини кўриб чиқиб, жабрланувчининг «марҳум уриб-дўппослаб, жисмоний тазйиқ оқибатида ўлган», деган сўзлари билан суд далиллар етарли бўлмагани боис келиша олмаслигини маълум қилди.

Судья ҳукм ўқилганидан сўнг, судланувчиларга жазо тайинлашда нега бу тўхтамга келганини тушунтириб берди.