Буюк Хитой девори дунёдаги энг кўп довруғ таратган ёдгорлик ҳисобланади ва ҳар йили ер юзининг турли ўлкаларидан миллионлаб меҳмонларни ўзига жалб қилади. Хитой шимоли бўйлаб чўзилган улкан истеҳкомлар муҳандислик ғоялари ғалабасидир. Девордан дастлабки мақсад Хитой ҳудудларини кўчманчи қабилалардан ҳимоялаш бўлган, аммо чегарадаги тартибни сақлаш мақсадида Буюк Ипак йўли бўйлаб божхона омбори сифатида ҳам фойдаланилган.

Деворнинг қурилиши икки минг йилдан ортиқроқ вақт давом этган, айнан шунинг учун ҳам у қизиқарли тарихга бой. Ҳисоб-китобларга кўра, Син сулоласи ҳукмронлиги даврида олиб борилган дастлабки қурилиш ишларига Хитой аҳолисининг 70 фоизи жалб қилинган.

Келинг, Хитойнинг ушбу диққатга сазовор маскани айнан нимаси билан ўзига хослигига ва у қанчалар улканлиги ҳақидаги миш-мишларга ойдинлик киритамиз. 

У бир бутун эмас

«Буюк Хитой девори» номининг ўзи тасаввуримизда узлуксиз девор чизиғини гавдалантиради, аммо ундай эмас. Аслида яхлит ёдгорлик сифатида шуҳрат қозонган иншоот турли сулолалар томонидан қурилган истеҳкомлар тизимидир. Ушбу деворларнинг аксарияти бир-бирига аслида параллел жойлашган. Бундан ташқари, ушбу истеҳкомларнинг барчаси ҳам ҳақиқий деворларни ўз ичига олмайди. Хандақлар ва дарё, дўнглик сингари табиий тўсиқлар ҳам кўпинча объектнинг бир қисми деб ҳисобланади.

Биз ҳозир кўриб турганимиз нисбатан кеч қурилган

Иншоот қурилиши милоддан аввалги VII асрда бошланиб, қадимги Хитой ҳудудидаги турли давлатлар томонидан амалга оширилган. Хитойнинг биринчи императори Син Шихуанди ўзининг милоддан аввалги III асрга тўғри келувчи ҳукмронлиги даврида иншоот қисмларини бирлаштиришни бошлаган. Бироқ, дастлабки қурилган деворларнинг деярли барча қисми вақт ўтиши билан йўқолиб кетади. У ястанган 21 196 километрдан деярли ярми Мин сулоласи томонидан қурилган. Ҳукмдорлар 1368-1644 йилларда кўчманчи мўғул қабилалари шимолдан бостириб киришига йўл қўймаслик учун истеҳком қурдиришган.

Расмий шарҳга кўра, Мин сулоласи 8 850 километр масофада ажойиб ёдгорлик қурган, унинг 6 259 километри ҳақиқий деворни ўз ичига олади. Айнан шу ҳудуд бугунги кунда энг кўп ташриф буюрилувчи масканлардан биридир. Бадалин, Мутианю ва Жиншанлинг - ҳар йили миллионлаб сайёҳларни жалб қиладиган Пекин яқинидаги яхши сақланиб қолган жойлар бўлиб, Бадалинг ва Жиншанлинг эрамизнинг XVI асрида бутунлай янгидан қурилган. Бадалинг, шунингдек, расмий давлат ташрифлари учун танланган жой бўлиб, жумладан АҚШ президенти Ричард Никсоннинг 1972 йилда Хитойга қилган тарихий ташрифи учун ҳам хизмат қилган.