Kun.uz жамоаси бу гал дунёнинг энг қудратли давлатларидан бири – нафақат технологияси, балки бой тарихи билан ҳам ҳайратга солувчи Чин юртига сафар қилди. Бизнинг илк манзилимиз Пекиннинг қоқ марказида жойлашган, дунёдаги энг машҳур саройлардан бири – Гугун мажмуасидир. Халқ орасида у “Тақиқланган шаҳар” номи билан танилган. Шунингдек, мамлакат рамзи – Буюк Хитой деворини ҳам кўриш имкониятига эга бўлдик.

У шаҳарга кириш тақиқланган эди

Нега “тақиқланган”? Чунки қарийб беш аср давомида бу ерга император изнисиз кирган одам қаттиқ жазога тортилган. Бу дарвозалар ортида оддий инсон учун ёпиқ, мутлақ ҳокимият ҳукмрон бўлган дунё яшаган.

Бугун эса бу маҳобатли дарвозалар барча учун очиқ.

Гугун қурилиши XV аср бошларида бошланиб, ўн йилдан ортиқ давом этган. Уни барпо этишда миллионлаб ишчилар ва энг сара усталар иштирок этган. Натижада деярли алоҳида шаҳарга тенг улкан мажмуа пайдо бўлган.

Қадимий афсонага кўра, саройда 9999 яримта хона бўлган. Чунки мукаммал 10 минг рақами фақат осмонга хос деб ҳисобланган. Император эса ўз қароргоҳини ундан бир поғона паст тутиш орқали “камтарлик”ни намоён қилган, дейилади.

Бу ерда юрганингда вақт гўё секинлашиб қолгандек. Ҳамма нарса – деворлар, ҳовлилар, ҳатто ҳаво ҳам тарих билан тўлиб тургандай.

Ҳар бир деталда маъно бор

Гугунда ҳеч бир нарса тасодифий эмас. Томларнинг тилларанг бўлиши – императорлик қудрати рамзи. Қалин пойдеворлар эса шунчалик мустаҳкам қурилганки, душманлар ер остидан йўл очиб кира олмаган.

Сарой ҳудудидаги катта мис қозонлар ҳам бежиз қўйилмаган. Улар ёнғин чиққан тақдирда сув сақлаш учун хизмат қилган. Қишда музлаб қолмаслиги учун ҳатто остида олов ёқилгани ҳақида маълумотлар бор.