Маълум бўлишича, уларнинг барчаси Тошкент шаҳридаги «Arm inter group xususiy bandlik agentligi» МЧЖ томонидан шу йилнинг ёзида Рига шаҳрига ишга юборилган. Таъкидланишича, хусусий бандлик агентлиги билан шартнома тузилаётган вақтда ваъда қилинган яхши иш, етарли шароитга эга ётоқхона ва мўмай даромад уларни янада руҳлантириб, хорижга тезроқ кетиш истагини кучайтиради. Аммо мусофир юртга бориб, бир ойча ишлашгач, барча ўйлаганлари пучлигига амин бўлишади.

«Сарсон юрганимиз алам қиляпти»

Наманган вилоятининг Чортоқ туманида яшовчи 32 ёшли И.Маъмуров 2007 йилдан бери Россия Федерациясида ишлаб, рўзғор тебратиб келган. У «Arm inter group xususiy bandlik agentligi» МЧЖнинг телеграм канали орқали ушбу фирма ҳақида маълумотга эга бўлади.

«Чилонзорда жойлашган мазкур агентликка 2018 йилнинг декабрь ойида мурожаат қилганман. У ерга борганимда, мен каби ишлаш орзусидаги фуқаролар 170-180 нафар эди. Ўзим 164-реестер рақами билан рўйхатга қўйилганман. Ўшанда фирманинг Илҳом исмли ходими билан суҳбатлашганман. У биринчи учрашувимизда 2 минг евродан 3 минг еврогача маош олишимиз, бепул овқатланишимиз ва Латвияда бир ой ишлаганимиздан сўнг Данияга хизмат сафарига чиқишимизни айтган. Унинг бу гапларига ишонганимдан ўз хоҳишим билан чет элда ишлашга кўнганман.

Фирма тақдим этган шартномага имзо қўйганимдан кейин дастлаб Наманган шаҳрининг «Дўстлик» маҳалласи ҳудудидаги «Ўзсаноатқурилишбанк» филиалига 6 миллион сўм, апрель ойида эса қолган 11 миллион сўмни тўлов қилдим. Март ойи охирида Илҳом аканинг маслаҳати билан 15 кун Тошкент шаҳар бандликка кўмаклашиш марказига қарашли ишсизларни касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ўқув марказида ғишт терувчилик бўйича ўқидим. Қашқадарё, Наманган ва Андижон вилоятларидан бўлган 20 нафарга яқин йигитлар ҳам мен билан ўқиган. Дипломга 1 миллион 300 минг сўм пул сарфлаганман.

Виза учун ҳам алоҳида 370 евро тўлов қилгач, 2019 йилнинг 5 июль куни 10 киши Латвия томон отландик. Бу ерга ишга келганимиздан сўнг «SIA LUX MEOS» фирмасида ғишт териш билан боғлиқ иш қилмадик. Аксинча, бошқа қурилишга оид меҳнатга жалб қилиндик. Миллонлаб маблағга сотиб олган дипломимиз бир тийинга қиммат бўлиб чиқди.