Кеча, 14 ноябрь – Жанубий Кореяда йилнинг энг ҳаяжонли куни бўлди: юқори синф битирувчилари олийгоҳларга кириш имтиҳонини топширишди.
Коллеж таълимига муносибликни текшириш тести (CSAT – College Scholastic Ability Test) деб номланувчи давлат имтиҳони ёшлар ҳаётида энг муҳим воқеадир. Пайшанба куни Кореянинг 1185та мактабидa абитуриентлар соат 8:40дан 16:30гача имтиҳон топширишди.
Корейс халқи ёшларни имтиҳон вақтида қўллаб-қувватлашни жуда муҳим деб ҳисоблайди. Таълим вазирлиги раҳбарлари, шаҳар мэрлари ва бошқа амалдорлар бўлажак талабаларга омад тилаш мақсадида имтиҳондан аввал улар билан учрашадилар.

Давлат имтиҳонининг шаффоф ва тинч ўтиши қаттиқ назорат қилинади.
Қуйида Жанубий Кореядаги давлат имтиҳонлари ҳақидаги айрим қизиқарли фактлар келтириб ўтилади.
- Имтиҳон куни ўқувчилар ҳеч нима олиб киришмайди. Ҳатто ручка ҳам. Барча керакли ўқув қуроллари, тинглаш воситалари хонада тайёрланган бўлади.
- Бу кунда самолётларнинг учиш-қўниш ҳаракати тўхтатилади. Кеча имтиҳон сабабли 158та рейснинг вақти кўчирилди. Улардан 40таси – халқаро рейслар.
- Транспорт воситаларининг сигнал бериши, ортиқча шовқин солиши тақиқланади. Катта юк машиналарининг ҳаракатланиши тўхтатиб турилади.

- Мактаблар атрофидаги катта қурилиш ишлари ҳам тўхтатиб турилади.
- Болаларнинг имтиҳонга кечикмай, ўз вақтида етиб келиши учун давлат ишхоналари, дўконлар, банк ва бошқа муассасаларнинг иш вақти кеч бошланади.

- Инглиз тили ёки бошқа тил фанларидан «Listening» (тинглаш) бўйича саволларни ечиш учун хонада максимал даражада тинчлик ва сукунат сақланиши керак. Ўқувчилар саволни тўлиқ эшитиши учун ҳар бирига алоҳида қулоқчинлар берилади.















