Сурхондарё вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинади. Президентнинг тегишли қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Сурхондарё вилоятида 2020 йилда туризмни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Сурхондарё вилоятининг транспорт инфратузилма ҳолатини тубдан такомиллаштириш мақсадида “Термиз” халқаро аэропортининг учиш-қўниш йўлагини таъмирлаш ишларини бошлайди ҳолда 2020 йилнинг 1 апрелига қадар якунлаш чораларини кўради.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хорижий мамлакатлардан тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича доимий равишда тарғибот ишларини олиб борилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг “City Tour” принциплари асосида Термиз-Сариосиё-Денов-Бойсун-Шеробод-Термиз йўналиши бўйлаб 2020 йилнинг март ойидан бошлаб туризм синфидаги автобусларнинг мунтазам қатновини йўлга қўйиш орқали “Олтин учбурчак” лойиҳасини амалга ошириш бўйича таклифлари маъқулланади ҳамда лойиҳани амалга ошириш чора-тадбирлар режаси тасдиқланади.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси мунтазам автобуслар қатнови йўлга қўйилиши бўйича туроператорлар, меҳмонхоналар, гидлар ва бошқа туризм соҳаси вакиллари ўртасида кенг тарғибот ишлари олиб борилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Туркиянинг “IdealIst” компанияси томонидан ишлаб чиқилган Бойсун туманидаги “Зовбоши” туристик зонасининг мастер режаси маъқулланади ҳамда туризм объектларини қуриш юзасидан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича йўл харитаси тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 августдаги “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5781-сонли Фармонига асосан, Туризмни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш ваколатлари доирасида Бойсун туманидаги “Зовбоши” туристик зонасига инвесторларни жалб қилган ҳолда, лойиҳаларни амалга ошириш чораларини кўради.