Бензин нархи ошиши: Эронда 100дан ортиқ намойишчи ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда
Эрон президенти Ҳасан Руҳоний чоршанба куни «душманларнинг фитнаси устидан ғалаба қозонилгани» ҳақида эълон қилди. У вазирлар маҳкамасининг телевидение орқали намойиш этилган йиғилишида мамлакатда ёқилғи нархлари кўтарилишидан сўнг келиб чиққан оммавий норозилик намойишларининг бостирилишини шу тарзда изоҳлади.
«Эрон халқи яна синовдан ўтди ва душманларнинг вазиятдан фойдаланишига йўл қўймаслигини кўрсатди», - деди Руҳоний. Унинг қўшимча қилишича, одамлар ҳукуматнинг ҳаракатларидан норози бўлиш ҳуқуқига эга. Давлат оммавий ахборот воситалари ҳам турли шаҳарларда ҳукуматга қарши намойишлар ҳақида хабар берди. Шунингдек, маҳаллий ОАВнинг билдиришича, ҳибсга олинганлар орасида икки фуқаролиги бўлган шахслар, жумладан, Германия ва Туркия фуқаролари ҳам бор.
Қатор шаҳарларда полиция билан тўқнашувлар, шунингдек банклар ва давлат муассасаларига ҳужум қилиш билан боғлиқ норозилик намойишлари бошланганидан сўнг, Эрон ҳукумати мамлакатда интернетни ўчириб қўйди. Шу сабабли, ижтимоий тармоқларда норозилик намойишларидан олинган видео ва фотосуратлар деярли йўқ, мамлакатда нималар бўлаётганига оид мустақил далиллар жуда кам. Расмийларнинг айтишича, намойишлар тўхтамоқда.
Amnesty International ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг гувоҳлар ва фаоллар маълумотига асосан хабар беришича, 20дан ортиқ шаҳарда норозилик намойишлари бостирилганда камида 106 киши ўлдирилган ва 1000га яқин киши ҳибсга олинган. БМТ вакиллари «ўнлаб» ҳалок бўлганлар ҳақида маълум қилмоқда. Эрон расмийлари бу рақамларни рад этяпти, аммо ўз статистикасини келтирмаяпти.
Норозилик намойишлари 15 ноябрь, жума куни бирданига бир нечта шаҳарда бошланди. Бунга бензин нархининг ошиши (1 литри учун 13 цент) ва ёқилғи сотувининг чекланиши сабаб бўлди. Ҳукуматнинг таъкидлашича, бу АҚШнинг санкциялари билан боғлиқ иқтисодий муаммоларни ҳал қилишнинг ягона йўли.
Эрон ахборот агентликлари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бутун мамлакат бўйлаб намойишчилар ҳукуматга қарши шиорлар билан чиқишганини қайд этди. Ижтимоий тармоқларда радикал фаоллар ёқилғи қуйиш шохобчалари, молиявий муассасалар биноларини ёқиб, полиция ходимлари билан муштлашувга киргани акс этган видеолар пайдо бўлди.
Мавзуга оид
19:45 / 22.11.2024
Норвегияда АҚШ элчихонаси қўриқчиси жосусликда гумонланиб қўлга олинди
08:39 / 22.11.2024
АЭХА раҳбари Эрон ядро дастури бўйича ҳисобот тайёрлайди
23:14 / 19.11.2024
Эрон уранни бойитишни тўхтатишга тайёрлигини билдирди — ОАВ
21:44 / 19.11.2024