Республика бўйсунувидаги Сурхондарё вилоятининг Шарғун шаҳрини 2020-2022 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлар дастури қабул қилинади. Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги тегишли қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Президентнинг “Республика бўйсунувидаги шаҳарларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 4 июндаги ПФ-5738-сон Фармони билан юклатилган аниқ вазифалар ижросини таъминлаш учун Шарғун шаҳрида 2020-2022 йилларда бажариладиган асосий тадбирлар қуйидагилар этиб белгиланади:

биринчидан, Шарғун шаҳрининг Бош режасини танқидий ўрганиб, йўл-транспорт инфратузилмаси, шоҳ кўчалар, кўп қаватли уйлар қурилиши, парклар, бульварлар, замонавий савдо марказлари, инфратузилма объектлари ва саноат зоналарини жойлаштириш масалаларини муҳандислик тармоқлари билан биргаликда кўриб чиқиб, таклифларни тайёрлаш ҳамда яқин 3-5 йиллик шаҳарсозлик вазифаларини белгилаб олиш;

архитектуравий қиёфани замонавийлаштириш, кўп қаватли уй-жой фондини сифат жиҳатдан яхшилаш, коммунал хизмат кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш, аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатишни жорий этиш;

муҳандислик-коммуникация тармоқлари, хусусан ичимлик суви ва оқова сув тизимларини қайтадан қуриш, автомобиль йўллари ва ички кўчалар ҳолатини яхшилаш, шаҳар кўчаларидаги мавзеларда тунги ёритиш тизимларини янгидан замонавий ҳолатга келтириш;

ички ва шаҳарлараро йўналишларда ҳаракатланувчи жамоат транспортларининг янги йўналишларини ташкил этиб, аҳолига сифатли ва қулай транспорт хизматларини кўрсатишни ташкил этиш;

транспорт хизматларини кўрсатувчи янги хусусий корхоналар ташкил этиб, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш орқали замонавий жамоат транспорт воситаларини харид қилиш;

иккинчидан, шаҳарда экологик муҳитни яхшилаш, аҳоли саломатлигига салбий таъсирини камайтириш чораларини кўриш, кўкаламзорлаштириш, дарахтларни ўтқазиш ва яшил майдонлар, гулзорлар ташкил этиш тадбирларини амалга ошириш;

бунда, мазкур тадбирларни амалга ошириш учун шаҳарда очиқ ва ёпиқ ер ости суғориш тизимларини барпо этиб, ирригация тармоқларини бугунги кун талабида қайта тиклаш;