Ўзбекистон | 14:00 / 23.11.2019
6076
2 дақиқада ўқилади

Invest in Samarkand: Самарқандда халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтмоқда

Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида Invest in Samarkand I халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтмоқда. 

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, форумда дунёнинг 31 давлатидан 310дан ортиқ ишбилармонлар, нуфузли компаниялар ва инвестиция фондлари вакиллари иштирок этяпти. Жумладан, Хитой, Жанубий Корея, Испания, АҚШ, Италия, Исроил, Россия, Япония, Ҳиндистон, Туркия, Тожикистон, Афғонистон, Қозоғистон ишбилармонлари фаол қатнашмоқда. 

Форумнинг очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ҳамда инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов иштирокчиларни қутлаб, мавжуд инвестицион салоҳият ҳақида тўхталиб ўтди. 

Таъкидланганидек, илк бор ўтказилаётган мазкур форумнинг мақсади вилоят иқтисодий салоҳиятини янада ривожлантириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, инвесторларни ҳудуд имконияти ва салоҳияти билан таништиришга қаратилган.

Минтақада иқтисодиёт ва саноатнинг аграр сектори, туризм ҳамда бошқа хизматлар жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Давлат томонидан энергетика ва сув хўжалиги, транспорт, кадрлар тайёрлаш каби соҳаларга катта инвестиция киритилмоқда. Қулай жуғрофий жойлашув билан бир қаторда, вилоят маъданли минерал захиралари, хусусан, олтин, уран, вольфрам, шунингдек, каолин, кварц, гранит, мармар каби табиий минерал ресурслар ҳамда қурилиш материалларига бой. Чет эл капитали иштирокидаги корхоналар учун турли хил имтиёз ва преференциялар берилмоқда.  

Форум доирасида Самарқанд вилояти ишлаб чиқарувчиларининг Made in Samarkand миллий кўргазмаси тадбирлари ҳам бўлиб ўтмоқда.

Мавзуга оид