Буюк Британиянинг Heritage Daily илмий онлайн-нашри Самарқанд вилоятида аниқланган ноёб археологик топилмаларга бағишланган иккита мақола эълон қилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Нашрнинг «Бронза безаклар Ўзбекистонда топилган қадимий қабр сирини очишга ёрдам беради» номли мақоласида Пайариқ туманида тасодифан аниқланган қабр ҳақида маълумот берилган.
Қайд этилишича, ер ишлари давомида маҳаллий аҳоли вакили одам суяклари, бронзадан ясалган билакузуклар ҳамда майда мунчоқларни топган.
Айниқса, билакузукларнинг шакли мутахассислар эътиборини тортган. Улар учи конуссимон бўлиб, спиралсимон нақшлар билан безатилган.
Археологларнинг дастлабки баҳолашига кўра, топилмалар Зарафшон водийси ҳудудида аввал аниқланган сўнгги бронза даври материалларига ўхшаш. Шу асосда улар милоддан аввалги XIII–X асрларга оид бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
Heritage Dailyʼнинг иккинчи мақоласи Ургут туманидаги илк ўрта асрларга оид Қўрғонтепа археологик мажмуасида олиб борилаётган тадқиқотларга бағишланган.
Қазиш ишлари пайтида археологлар қадимий ибодатхона харобалари орасидан ганчдан ясалган ҳайкалнинг бош қисмини топган.
Мутахассислар учун ушбу топилманинг иконографияси алоҳида аҳамият касб этади. Чунки Қўрғонтепада бундан аввал тўрт қўлли маъбуд тасвирланган деворий расмлар ҳам аниқланган.
Янги топилма Сўғд санъати, ўша давр диний тасаввурлари ва ибодатхона маданиятини ўрганиш учун қўшимча маълумот бериши кутилмоқда.
Британия нашри Пайариқдаги қадимий қабр ва Қўрғонтепадаги топилмалар турли тарихий даврларга тегишли эканига эътибор қаратган. Биринчиси сўнгги бронза даврига, иккинчиси эса илк ўрта асрларга оид.
Heritage Daily хулосасига кўра, Ўзбекистон ҳудудида бронза давридан илк ўрта асрларгача бўлган ёдгорликларнинг мунтазам аниқланаётгани мамлакатнинг бой тарихий ва маданий меросини ўрганиш учун катта салоҳият мавжудлигини кўрсатади.

















