ФИФА кунлари якунига етиб, ушбу ҳафтанинг дам олиш кунлари Суперлига баҳслари давом эттирилади. Уч ҳафтадан кўпроқ вақт давомида дам олган жамоаларимиз энди бир ҳафтада учта учрашувни ўтказиб, мавсумни якунлашади. Келаётган шанба ва якшанба кунлари Суперлига 24-тур учрашувлари доирасида бизни бир қатор қизиқарли учрашувлар кутиб турибди.

 Суперлига. 24-тур
23 ноябрь, шанба
ҚЎҚОН-1912 – АГМК
Бош ҳакам: Шерзод Қосимов
Ўйин бошланиш вақти: 14:30
ТВ-трансляция: Спорт ТВ

Турнир жадвалида деярли ёнма-ён бораётган жамоалар “Қўқон-1912” ўз майдонида АГМК клубини қабул қилади. Водийликлар сўнгги турда Бухорода ғалабага эришиб, “хавфли зона”дан узоқлашган бўлишса-да, буткул “қочишди” деб бўлмайди. Айнан ушбу турдаги баҳсдан кейин жамоа лигада қолиш вазифасини бажариши мумкин. Аммо Миржалол Қосимов жамоаси ҳам сўнгги учта баҳсдан буён мағлубият нималигини билмаяпти. “Кончилар” “Насаф” ва “Бунёдкор”ни мағлуб этишди, “Локомотив” билан дуранг қайд этишди. Ўз навбатида қўқонликлар ўз майдонларидаги сўнгги учта ўйиндаги мағлубиятли серияни бузишга интилишлари аниқ.

Қўқондаги ўзаро охирги 3 ўйин:
2018 йил. Қўқон-1912 – АГМК – 1:2
2017 йил. Қўқон-1912 – АГМК – 3:0
2016 йил. Қўқон-1912 – АГМК – 2:1
Имкониятлар: 30/40/30 

МЕТАЛЛУРГ – ДИНАМО
Бош ҳакам: Жасур Мухторов
Ўйин бошланиш вақти: 14:30

Сўнгги марта Бекободда август ойида ғалаба қозонган “Металлург” жамоаси бу турда жорий мавсумда сафардаги бирорта ўйинда ҳам 3 очко ололмаган “Динамо” клубини қабул қилади. Турнир жадвалидаги ҳолатдан келиб чиқсак, Бекободдаги учрашув мезбонлардан кўра, меҳмонлар учун муҳимроқ. Суперлигада қолиш учун курашаётган Самарқанд клуби қатор мағлубиятлардан кейин сафарга фақат ғалаба илинжида боришга мажбур. Тачмурод Агамуродов шогирдлари охирги турларда асосий рақобатчилари “Бухоро”дан ўзиб кета олишмаса, Суперлигадан тушиб кетишлари мумкин. Аммо, Бекобод жамоаси ҳам Қўқон ва Навоийдан очко билан қайтиб, яхши спорт формасига кираётганлигини намойиш этганди. Шундай экан, ушбу жамоалар ўртасида баҳс ҳам жанговар руҳда ўтиши аниқ.