Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари қабул қилинади. Президентнинг бу ҳақдаги тегишли фармони лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қуйидагилар жисмоний тарбия ва спорт тизимини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари этиб белгиланмоқда:

жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланаётган аҳолининг умумий сонини 30 фоизгача, спорт ташкилот ва муассасаларида шуғулланаётган ёшларнинг умумий сонини 20 фоизгача ошириш;

давлат спорт таълими муассасаларида тренер ва мутахассисларнинг сифат таркиби, хусусан олий маълумотли ходимлар сонини босқичма-босқич 51 фоиздан 100 фоизгача етказиш;

жойларда ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни танлаб олиш (селекция)нинг самарали ва шаффоф тўрт босқичли тизим (муассаса-туман (шаҳар)-ҳудуд-республика) ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари ўқувчи-спортчилари ўртасида “Болалар олимпия ўйинлари”ни ўтказиш орқали иқтидорли спортчиларни аниқлаш ва ёшлар терма жамоаларига захира яратиш ҳамда олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Талабалар спартакиадаси” спорт мусобақасини ташкил этиш натижасида талабаларни спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш;

аҳолининг кенг қатлами, жумладан умумтаълим мактаби ўқувчилари, ўрта махсус, шунингдек профессионал ва олий таълим муассасалари ўқувчи ва талабалари ўртасида жисмоний тарбияни оммалаштириш, улар орасида иқтидорлиларини аниқлаш мақсадида жисмоний тарбия олимпиадалари ва “Умумтаълим мактаб спорти” фестивали, “Жисмоний тайёргарлик даражаси” кўрик-танловини босқичма-босқич (туман (шаҳар), ҳудуд, республика) ўтказиш тизимини ишлаб чиқиш ва жисмоний даражаси ривожланган энг яхши умумтаълим мактаб, профессионал ва олий таълим муассасаси номинациясини жорий этиш;

спорт соҳасини тижоратлаштириш, шу жумладан 2020 йилдан бошлаб спорт соҳасида “Tashkent Marathon” халқаро марафони, “Save Aral” халқаро экомарафони, авторалли ва мотокросс спорт мусобақаларини тизимли ўтказиш орқали спорт туризмини ривожлантириш;

ёшларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш учун қўшимча шароитлар яратиш ҳамда бешта муҳим ташаббусни амалиётга жорий этиш юзасидан киберспорт турини тизимли ривожлантириш;

аҳолининг барча қатламлари ўртасида “Жисмоний тайёргарлик даражаси” жисмоний тайёргарлик синовларини ўтказишни жорий этиш;