Жорий йилнинг 22 ноябрь куни Ломбардия ҳудуди губернатори бошчилигидаги Италия делегациясининг ташрифи доирасида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Италия бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Форумда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ушбу даражадаги тадбирларнинг ўтказилиши инвестиция, савдо-иқтисодий ва банк соҳаларида икки томонлама ҳамкорликнинг кенг кўламли амалий масалаларини муҳокама қилиш нуқтаи назаридан муҳимлигини таъкидлаб ўтди.

“МДҲ мамлакатларининг барчаси билан эркин савдо тўғрисидаги келишувларнинг мавжудлиги ҳамда Ўзбекистоннинг қулай географик жойлашуви – ўзига хос симбиоз бўлиб, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар учун аҳолиси 300 миллион кишидан ортиқ катта бозорга божларсиз кириш имконини очиб беради.
Кўплаб мамлакатлар инвесторлари ўз маҳсулотларини МДҲ мамлакатлари ва Ўзбекистонга қўшни мамлакатларга олиб кириш мақсадида Ўзбекистонда рақобатбардош ишлаб чиқаришни яратган ҳолда ана шу афзалликдан аллақачон фойдаланишмоқда”, - деди Сардор Умурзоқов.
“Жорий йилда Ўзбекистон тарихида илк марта инвестицияларнинг мамлакат ЯИМдаги ялпи улуши 38 фоиздан ортиқни ташкил этди. Бу дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири.

Бу йили, йил якунларига кўра, тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилишининг ўсиши икки мартадан ортиқ, деярли уч марта кўп бўлишини кутяпмиз”, - дея ўз нутқини давом эттирди инвестициялар ва ташқи савдо вазири.
Ўзбекистон Италия билан ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият бераётгани ва бу, ўз навбатида, жорий йилда Ҳукуматлараро ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилишини ўтказилиши ҳамда Ўзбекистон делегациясининг XII Евросиё иқтисодий форумида иштирок этгани орқали намоён бўлиши таъкидлаб ўтилди.
Ломбардия ҳудуди губернатори Аттилио Фонтана иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди, бу эса, Ўзбекистон-Италия муносабатларининг барча йўналишларини фаоллаштириш ва кенгайтиришга салмоқли ҳисса қўшиш имконини беради.

Ўзбекистон билан ҳамкорликка доимий қизиқиш билдираётган Ломбардия компаниялари орасида Maire Tecnimont, Mapei, Wood / Foster Wheeler, Asco Filtri, SI.SE, Marzoli, Pietro Fiorentini, Cannon / Bono, Plastics Technologies, In3act, General Med Merate ҳамда Unicredit Bank вa Banca Intesa San Paolo каби йирик банкларни ажратиб кўрсатиш мумкин.


















