Дам олиш кунлари Европада бир қатор қизиқарли ва драматик ўйинлардан ташқари, Жанубий Америкада йилнинг энг муҳим ўйини бўлиб ўтди. Либертадорес Кубоги (қитъанинг Чемпионлар Лигаси) финалида Бразилиянинг «Фламенго» ва Аргентинанинг «Ривер Плейт» клублари тўқнаш келди. Ўйин сценарийси эса 1999 йилги «Камп Ноу» финалини эслатиб юборди. Ўйиннинг 15-дақиқасида аргентиналиклар ҳисобда олдинга чиқиб олган бўлишса, 89 ва 90-дақиқаларда «Фламенго» икки гол уриб ғалабани илиб кетди ва 38 йиллик танаффусдан сўнг яна бир бор қитъанинг энг асосий совринини эга чиқди. Қуйидаги ҳикоямиз эса ўйин қаҳрамони ва унинг Европадаги муваффақиятсиз саргузаштлари ҳақида. 

«Фламенго»нинг Либертадорес Кубогидаги ғалабаси – тарихий воқеа. Жамоа бу совринни сўнгги 38 йилда биринчи марта ютиб олди. Ҳозирда «Фламенго»да барча мусобақаларда ғолибликка курашиш учун ҳаммаси бор – Филипе Луис, Рафинья, Диего, Витиньо каби тажрибали футболчилар, шунингдек кўп йиллар «Бенфика» ва «Спортинг»да муваффақиятли ишлаган португалиялик мутахассис Жоржи Жезуш.

Финал олдидан бразилияликларнинг имкониятини ошириб юборган яна бир омил эса жамоа таркибида Габриел Барбоза, ҳамма учун Габигол лақаби билан машҳур бўлган ҳужумчи тўп сурди. Ўз вақтида Европада муваффақиятсизликка учраган, аммо ўз ватанида яна фаолиятини тиклаб, эски даражасига қайтаётган футболчи.

2017 йилнинг ёзида «Интер» Роберто Манчини билан хайрлашди ва нидерландиялик мутахассис Франк Де Бурни бош мураббий этиб тайинлади. Де Бур илк матбуот анжуманларидаёқ, энг муҳим жиҳатларни тилга ола бошлади:

- «Интер»да жуда кўп ёш иқтидорлар бор. Вазифам – яқин келажакда уларнинг асосий таркиб аъзоларига айланишига ёрдам бериш. Келажакда «Интер»ни юқори даражаларга олиб чиқа оладиган ёш футболчиларни топиш. 

«Интер»нинг ўша ёздаги трансфер сиёсати Де Бурнинг сўзларини тасдиқлайди. Ўша пайтда 23 ёшда бўлган Жоао Мариу трансфери учун 40 миллион тўланди. Жанлука Капрари (22 ёш) 8,25 миллион, Додо (24) 7,8 миллион ва 22 ёшли Брозович 5 миллион евро эвазига олиб келинди. Улар билан бирга Манай, Камара, Кризетиг, Димарко, Ньюкури каби ёшлар ҳам таркибга қўшилди. Мана шундай ёшартириш сиёсатининг бир қисми ўлароқ «Интер» Габриел Барбозани сотиб олганди. Бразилиялик ҳужумчи учун «нерадзурри» ўшанда 30 миллион евро сарфлаганди.  

Қизиғи, бутун бу армиядан кейинчалик фақат Брозович ўйнаб кетди ва ҳозир ҳам асосий таркиб футболчиси саналади. Габигол эса «Интер»нинг ўша муваффақиятсиз трансфер сиёсати рамзига айланди.