Компьютерлар пайдо бўлиши билан жуда кўп одамлар ўтириб ишлаш тарзига ўтди. Табиийки, бу бутун кунни тик оёқда ўтказишдан кўра ёқимлироқ. Аммо, кўплаб бошқа ёқимли нарсалар сингари, ўриндиқда ҳаракатсиз вақт ўтказиш бир мунча салбий оқибатларга олиб келади.

Ўтроқ турмуш тарзи қандай муаммолар келтириб чиқаради?

1. Вазн орттириш

Ҳаракатланиш танадаги тўқималарни қондаги липидлар миқдорини бошқарувчи ва озиқ-овқатдан сўрилган ёғ ва шакарни қайта ишлашга ёрдам берадиган липопротеинлипаз ферментини ишлаб чиқаришга мажбур қилади. Ўтириб вақт ўтказиш тарзи, албатта, ушбу фермент етишмаслигига олиб келади ва ёғ сўрилиши ишига салбий таъсир ўтказади. Натижада сиз семира бошлайсиз.

Узоқ ўтириш метаболик синдром хавфини оширади. Бу нафақат узоқ вақт ўтирадиган, балки жисмоний машқлар билан шуғулланмайдиган одамлар учун ҳам бирдек алоқадор. 

Баъзан спортдан узоқ инсонлар ҳам ортиқча калорияни парчалай олишади, яъни улар ҳаракатсиз ўтирмасдан юришади, тик туришади, қимирлашади. Шу сабабли иш куни давомида фақатгина юриш ва туриш имконияти туғилган тақдирда ҳам ундан унумли фойдаланинг.

2. Эрта ўлим хавфи

Бир миллионга яқин инсон саломатлигини кузатиш тадқиқотлари шуни кўрсатадики, кўп ўтирадиган одамларда эрта вафот этиш эҳтимоли кўпроқ. Фактлар келтирадиган бўлсак, ўтиришга мослашган турмуш тарзини олиб боришда эрта ўлим хавфи  22–49 фоизга ошади. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, жисмоний фаоллик етишмаслиги дунё бўйича кузатиладиган ўлим ҳолатларининг 6 фоизига сабаб қилиб кўрсатилади. Шунингдек, ҳаракатсизлик кўкрак бези ва йўғон ичак саратони ҳолатларининг тахминан 21-25 фоизи, диабет ҳолатларининг 27 фоизи ва юрак-қон томир касалликларининг 30 фоизида асосий омил ҳисобланади. 

3. Қандли диабет ва юрак касалликлари

Тадқиқотчилар деярли 30 хил сурункали касалликларни нофаол ҳаёт тарзи билан боғлашади. Хусусан, узоқ вақт ўтириш юрак-қон томир касалликлари авж олиши хавфини оширади. Бундан ташқари, агар сиз узоқ вақт ўрнингиздан турмасангиз ва кунига 1500 қадамдан кам пиёда юрсангиз, танангизда инсулинга қаршилик ортади. Бу эса иккинчи тоифали диабетнинг асосий сабабидир.

4. Суяк ва мушаклардаги оғриқ