Ўзбекистон | 11:13 / 25.11.2019
27690
3 дақиқада ўқилади

Кўчмас мулкка нисбатан тақиқ: уй сотиб олмоқчи бўлган фуқароларга эслатма берилди

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 480-моддасига ўзгартиришлар киритилиб, кўчмас мулк объектларини сотиш тартиби соддалаштирилди ва нотурар жой тоифасидаги кўчмас мулкни сотиш шартномаси нотариал тартибда тасдиқлаш тартиби бекор қилинди.

Эндиликда, нотурар жой тоифасидаги кўчмас мулк объектларини сотиш ва сотиб олиш жараёнини жисмоний ва юридик шахслар ўзаро шартнома асосида амалга оширишлари ҳамда кўчмас мулк объекти мулкдорлари ёхуд ушбу объект бўйича ашёвий ҳуқуқлар эгалари бўлган юридик ва жисмоний шахслар ёки уларнинг ваколатли вакиллари кўчмас мулк объектига бўлган мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар вужудга келган, бошқа шахсга ўтган, чекланган ёки бекор бўлган ёки кўчмас мулк объектининг ҳуқуқий ҳолати ўзгарган кундан бошлаб, бир ой муддатда Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали давлат рўйхатидан ўтказишлари кифоя. 

Бироқ, Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси юристконсульти А.Бобоқуловнинг билдиришича, қулайликларни суиистеъмол қилувчилар учраб қолиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Яъни, сотувчи ва сотиб олувчи ўртасида шартнома имзоланиб, сотиб олувчи томонидан тўлов мажбуриятлари тўлиқ ёки қисман амалга оширилиб, кўчмас мулкка нисбатан вужудга келган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун мурожаат қилганда объектга нисбатан тақиқ қўйилганлиги ёки бўлмаса сотиш (ёки бегоналаштириш) ҳуқуқи мавжуд эмаслиги аниқланмоқда ва натижада эса фуқаролар фирибгарлик қурбонига айланиб қолмоқдалар.

Бундан ташқари, Оила кодексига кўра эр ва хотиндан бирининг умумий мол-мулкини тасарруф этиши билан боғлиқ битим тузилганда бу ҳаракат бошқасининг розилигига кўра амалга оширилиши белгиланган. Бу эса ўз ўзидан битим тузиш жараёнида агар мавжуд бўлса умумий кўчмас мулкнинг тенг ҳуқуқли эгаларини розилигини талаб қилишни ёддан чиқармаслигимизни кўрсатади. 

Юқоридаги каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, кўчмас мулк объектларини сотиб олиш истаги бўлган барча фуқароларга, нотариал тартибда тасдиқланмайдиган олди-сотди шартномаларини тузишдан олдин, Давлат хизматлари марказлари орқали кўчмас мулкка нисбатан тақиқ бор ёки йўқлигини, унга нисбатан ҳуқуқ турини аниқлаб олишлари, шунингдек, умумий мулкка нисбатан тенг ҳуқуқли шахслар бор йўқлигини текшириб олишлари учун шароит мавжудлиги билдирилади. 

Мавзуга оид