
Ҳазорасп тумани марказида жойлашган «Ойбек» маҳалласида 410 хонадонда қарийб 2 мингга яқин киши истиқомат қилади. 2016 йилда маҳалла табиий газ тармоғидан узиб қўйилган. Мутасадди ташкилотлар бунга Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 18 апрелда ўтказилган йиғилишида қабул қилинган 44-сонли баённомани сабаб қилиб кўрсатмоқда. Унда газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудларни газ таъминотидан узиш, кўмир ва суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш қайд этилган. Баённома иловасида «Ойбек» маҳалласи ҳам кўрсатилган.

Бироқ, айни пайтда маҳалланинг бир қисми газ тармоғига уланган ва юқори босимли газдан бемалол фойдаланмоқда. Қолган қисми, хусусан Феруз ва Аваз Ўтар кўчалари эса газ тармоғидан узилган. Бу ердаги аҳоли куз-қиш мавсумида кўмир, ўтин, таппи каби қўлбола ёқилғидан фойдаланиб келмоқда. Суюлтирилган газ фақат овқат қилиш, чой қайнатиш учун ишлатиляпти. Одамлар уйларининг 1-2 хонасини бир амаллаб иситиб, шу хоналарга қамалиб олиб, совуқ кунларни ўтказишяпти. Феруз ва Аваз Ўтар кўчалари аҳолиси хонадонларини газ тармоғига улаб берилишини бир неча йиллардан бери сўрашмоқда.

«Ҳудудгаз Хоразм» МЧЖ раҳбарияти берган маълумотга кўра, юқорида кўрсатилган 44-сонли баённомада «Ойбек» маҳалласи газ тармоғидан тўлиқ узилиши кўрсатилган. Бу Ҳазорасп тумани учун ажратилган газ лимити камлиги билан боғлиқ. Агар маҳалланинг баъзи кўчалари газ тармоғига уланган бўлса, демак бу ишлар ноқонуний қилингани айтилмоқда.

Қайд этиш жоизки, 2016 йилда Ҳазорасп тумани ҳокимлиги газ таъминотида муаммо юзага келиши мумкин бўлган ҳудудлар рўйхатини тузган ва унга «Ойбек» маҳалласини ҳам киритган. Кейинчалик, шу рўйхатдаги ҳудудлар Вазирлар Маҳкамаси йиғилиши баённомаси билан газ тармоғидан узилиши тасдиқланган. Аммо бу рўйхатни тузиш жараёнида маҳалладаги вазият чуқур ўрганилдими, газ тармоғидан узиб қўйиш оқибатлари таҳлил қилиндими деган ҳақли саволлар туғилади.
Биринчидан, «Ойбек» маҳалласини, хусусан Феруз ва Аваз Ўтар кўчаларини газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудлар деб бўлмайди. Тармоққа уланиб олган баъзи хонадонларда газ босими жуда яхши ва ҳатто одамлар уни бироз пасайтириб беришни ҳам илтимос қилишган.




















