Ўзбекистон | 10:35 / 25.11.2019
27808
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда тегишли ҳужжатлари бўлмаган айрим ОТМ абитуриентлардан ҳужжат қабул қилаётгани маълум бўлди

Фото: РИА Новости / Сергей Пятаков

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Ўзбекистонда олий таълим муассасаси сифатида фаолият кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлмаган ташкилотлардан огоҳ бўлишга чақирди.

Қайд этилишича, сўнгги пайтларда айрим қўштирноқ ичидаги ўзини “нодавлат олий таълим ташкилоти” ёки “хорижий олий таълим ташкилотларининг филиали” деб танитиб, халқ орасида турли хил ижтимоий тармоқларда ва ОАВда, реклама роликларида ўзининг ёлғонлари, ғараз мақсадлари йўлида ёшларни чалғитиш, алдаш ҳолатлари учрамоқда. 

Янги ўқув йили бошланганига 3 ой бўлган бўлса-да, 2019/2020 ўқув йили учун ўқишга киришга абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш жараёни давом этаётганлиги ва ушбу хизмат учун пул ундирилаётганлиги, контракт шартномалари тузилаётганлиги тўғрисида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига абитуриентлар, уларнинг ота-оналари ва яқинлари томонидан кўплаб мурожаатлар келиб тушаётгани айтилади.

Фуқаролардан бўлаётган мурожаатларга кўра, Россия Федерациясининг айрим олий таълим муассасалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида олий таълим беришга рухсат берувчи ҳужжатларга эга бўлмай туриб, абитуриентлардан ҳужжат қабул қилмоқда. 

Жумладан: 

  • Томск давлат бошқарув тизимлари ва радиоэлектроника университети
  • Молия, иқтисод ва захирадаги офицерлар ҳуқуқи институти
  • “Тадбиркорлик олий мактаби” хусусий олий таълим муассасаси
  • “Шарқий-Европа институти” хусусий олий таълим муассасаси
  • “Сибир бизнес ва ахборот технологиялари институти” нодавлат олий таълим муассасаси ва бошқалар.

Қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ, нодавлат таълим ташкилоти сифатида Таълим инспекцияси рўйхатидан ўтмаган нодавлат таълим ташкилотлари томонидан берилган таълим олганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар юридик ҳуқуққа эга эмас. 

Таълим инспекцияси фуқароларни ҳаққоний ва шаффоф маълумот билан таъминлаш ҳамда уларнинг фаолият билан шуғулланиш ваколатига эга бўлган таълим ташкилотларидаги таълим сифати бўйича маълумотларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Ўзбекистонда аккредитацияланган ва дипломи тан олинадиган олий таълим муассасалари рўйхатини эълон қилиб бормоқда. Қуйидаги манзил (tdi.deepx.uz) орқали танишишингиз мумкин.

Мазкур масала юзасидан Таълим сифатини назорат қилиш инспекциясига қуйидаги телеграм бот орқали мурожаат қилиш мумкин: @Uztdibot.

 

Мавзуга оид