Ўзбекистон | 10:03 / 25.11.2019
6659
2 дақиқада ўқилади

Қонунчилик палатасига янги таҳрирдаги Солиқ кодекси киритилди

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг 2020 йилги Давлат бюджети тўғрисида”ги қонундан кейин Солиқ кодексининг янги таҳрири лойиҳаси қўриб чиқиш учун парламентнинг қуйи палатасига тақдим этилди.

Қонунчилик палатаси матбуот хизматига кўра, лойиҳага масъул этиб Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси белгиланди. Кодекс лойиҳасини такомиллаштириш бўйича ишларга парламент қуйи палатаси ҳузуридаги Давлат бюджети бошқармаси мутахассислари ҳам жалб қилинди.

Лойиҳани биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш ишларига масъул қўмита ҳузурида депутатлар, экспертлар, ҳукумат ва Давлат солиқ қўмитаси вакилларидан иборат ишчи гуруҳи тузилди ва унинг биринчи йиғилиши ўтказилди.

Унда таъкидланганидек, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳаси тўғридан-тўғри амал қиладиган ҳужжатга айланиши керак. Лойиҳага солиш масалаларини, шу жумладан солиқ ставкаларини тартибга солувчи қонуности ҳужжатлари қоидалари ҳам киритилган. Ҳужжатда амалдаги Солиқ кодексининг умумий (солиқ маъмуриятчилиги масалалари) ва махсус (солиқларни ҳисоблаш ва тўлашнинг асосий қоидалари) қисмларга бўлинишини кўзда тутадиган тузилиш сақлаб қолинган.

Лойиҳада саккизта йўналиш, шу жумладан умумэътироф этилган халқаро меъёрлар ва солиқ стандартлари, бошқа мамлакатлар тажрибасини ҳисобга олган илғор ва синаб кўрилган усуллар, шунингдек маҳаллий ва халқаро экспертларнинг хулосалари ҳисобга олинган. Қўшимча қиймат солиғи ва уни ҳисоблашдаги янгиликларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Йиғилиш давомида солиқ қонунчилигидаги янгиликлар жонли мунозара шаклида муҳокама этилди. 

Мавзуга оид