Ўзбекистон | 14:40 / 26.11.2019
14636
2 дақиқада ўқилади

Сенат ялпи мажлисида Самарқанд шаҳри ва Самарқанд тумани чегараларини ўзгартириш масаласи ҳам кўрилади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг XXIV ялпи мажлиси 30 ноябрь куни Тошкент шаҳрида чақирилиши ҳақида аввал ҳам хабар берилганди.

Парламент юқори палатаси ахборот хизмати хабарига кўра, Сенат ялпи мажлисида Самарқанд шаҳри ва Самарқанд тумани чегараларини ўзгартириш ҳамда бошқа масалалар кун тартибига киритилган.

Эслатиб ўтамиз, ялпи мажлисда «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги, «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида»ги, «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги Қонунлар кўриб чиқилиши, «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастурининг 2019 йил учинчи чорагидаги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилиши эълон қилинган эди.

Бундан ташқари, сенаторлар тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиби такомиллаштирилиши, бола ҳуқуқларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга қаратилган қонунларни кўриб чиқади.

Сенаторлар Вазирлар Маҳкамасига давлат божхона хизмати органлари томонидан қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати, арзон уй-жой қурилиши, газ, электр таъминоти билан боғлиқ парламент сўровлари юбориш масалаларини ҳам муҳокама қиладилар.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид