Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида бир оиланинг 5 аъзоси кўмир ёқилиши натижасида, Қарши туманида яна 4 киши тандир чўғи туфайли ис газидан заҳарланди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, Қарши шаҳри Кат маҳалласидан 37 ёшли Ш.Т., 32 ёшли Г.Х., 13 ёшли Ш.Н., 11 ёшли Ш.Н. ва 4 ёшли Э.Н. хонадонда кўмир ёқиш натижасида ис газидан ўрта оғир даражада заҳарланишган.
Маълум бўлишича, хонадон соҳибининг кечқурун кўмир чўғида кабоб тайёрлагани ва қолган чўғни уйга олиб кириб қўйганлиги мазкур нохуш ҳодисага сабаб бўлгани айтилмоқда. Айни пайтда беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Шунингдек, жорий йилнинг 26 ноябрь куни тахминан соат 22.00ларда Қарши тумани Парғуза қишлоғилик Ш.Б. хонадонида тўрт киши ис газидан заҳарлангани қайд этилди.
Аниқланишича, ушбу нохуш ҳодисага тандирда ёқилган ўтин чўғи уйга олиб кирилгани сабаб бўлган.
Мазкур оиладан хонадон соҳиби, 45 ёшли Ш.Б. енгил заҳарланган, унга амбулатор ёрдам кўрсатилган. Оиланинг бошқа аъзолари 41 ёшли Т.В., 17 ёшли Ж.Т., 9 ёшли Ш.Т. ис газидан ўткир заҳарланиш ўрта оғир даражаси ташхиси билан республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалига ётқизилган.
«Беморларга тажрибали шифокорлар томонидан малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда», дейилади ССВ матбуот котиби Фурқат Санаевнинг телеграмдаги каналида.

















