DW хабарига кўра, Astra видеоларнинг очиқ манбалар асосидаги таҳлили орқали ҳужум нишони Ростов-Доннинг Железнодорожний туманида жойлашган Новошахтинск нефт маҳсулотлари заводи терминали бўлганини аниқлаган.
Гувоҳлар кучли ёнғин ва портлашлар ҳақида хабар берган. Украинанинг Exilenova+ мониторинг канали ҳам гувоҳлар видеолари ва NASA FIRMS платформаси маълумотларига таяниб, мазкур терминалга зарба берилганини ёзган.
Аввал «Юг Руси» номи билан танилган терминалнинг лойиҳавий қуввати йилига қарийб 2,5 миллион тоннани ташкил этади. Astra маълумотига кўра, у нефт маҳсулотларини экспорт учун қайта юклашга хизмат қилади, шунингдек, Россия Қуролли кучларини ёнилғи билан таъминлашда ҳам фойдаланилади.
Ростов вилояти губернатори Юрий Слюсар ҳудудга 50 дан ортиқ учувчисиз аппарат ҳужум қилганини ва вилоят марказида ёнғин чиққанини тасдиқлаган.
Унинг маълумотига кўра, бир эркак яраланган. Шаҳарнинг бир нечта туманида кўп қаватли турар жойлар шикастланган, аҳоли эвакуация қилинган.
Ҳужум оқибатида темирйўл кўприги ҳам зарар кўрган. Шу сабабли поездларнинг ҳар икки йўналишдаги ҳаракати тўхтатилган.
Слюсар Батайск шаҳрида ҳам дрон ҳали аҳоли кўчиб кирмаган кўп қаватли уйга урилганини билдирган. Бу ерда ҳам ёнғин чиққан.
Astra Ростов-Дондаги зарар кўрган турар жойнинг суратини ҳам эълон қилган. Нашрнинг OSINT таҳлилига кўра, бу Привокзалная кўчасидаги янги «Донская Слобода» турар жой мажмуасида жойлашган кўп қаватли уйдир.














