17 сентябрга ўтар кечаси Россиянинг Ростов-Дон шаҳри оммавий дрон ҳужумига учради. Ростов вилояти губернатори Юрий Слюсарнинг маълум қилишича, ҳужум оқибатлари ерда ҳам қайд этилган ва ёнғин чиққан, кейинчалик у тезкорлик билан ўчирилган.

Губернатор маълумотига кўра, одамлар жабрланмаган.

Трансформатор подстанциясининг шикастланиши оқибатида Ростов-Доннинг Ворошилов, Ленин, Октябр ва Киров туманларида электр таъминотида узилишлар юзага келган.

Олтита хусусий уйнинг деразалари, том қисми ва ойналари, шунингдек, хўжалик бинолари шикастланган. Ростов ҳамда Мясниковский туманида турли жойлардан дрон парчалари топилган.

Слюсарнинг билдиришича, тун давомида Ростов вилояти ҳудудида 50 дан ортиқ дрон уриб туширилган. Улар Ростов, Батайск, Каменск-Шахтинский, Таганрог ва вилоятнинг ўнта туманида қайд этилган.

Ҳарбий аэродромда ёнғин

Astra нашри OSINT таҳлилига таяниб, Ростов-Дондаги «Ростов-на-Дону — Центральный» ҳарбий аэродроми ҳудудида ёнғин чиққанини хабар қилди.

Очиқ манбалар асосидаги таҳлилга кўра, ёнғин ҳарбий самолётлар ва вертолётлар турадиган майдон атрофида юз берган бўлиши мумкин.

Украинанинг Exilenova+ мониторинг канали ҳам Украина дронлари ҳарбий аэродромга зарба бергани ва унинг ҳудудида йирик ёнғин чиққанини даъво қилди. Каналга кўра, авиация ва ҳарбий база инфратузилмаси зарба остида қолган.

Бироқ ушбу маълумотлар Россия расмийлари томонидан тасдиқланмаган. Ростов вилояти губернатори ҳужумнинг аниқ нишонлари ҳақида маълумот бермаган.

Ярославлда НҚЗ шикастланди

Худди шу кеча Ярославл шаҳри ҳам дронлар ҳужумига учради. Telegram каналлари ҳужумнинг асосий нишонларидан бири «Славнефть-ЯНОС» нефтни қайта ишлаш заводи бўлганини хабар қилди.

Корхона Россиядаги бешта энг йирик нефтни қайта ишлаш заводи қаторига киради ва мамлакат шимолидаги энг йирик НҚЗ сифатида қайд этилади.

Завод автомобил бензини, Евро-5 стандартидаги дизел ёнилғиси, авиация керосини ва реактив двигателлар учун ёқилғи ишлаб чиқаради.